Telegram асосчиси ва бош директори Павел Дуров ҳамон Францияда ҳибсда бўлиб турибди. Кибержиноятларга қарши кураш бўйича миллий бюро ва фирибгарликка қарши миллий идора унинг ишини текширмоқда, дея хабар бермоқда Reuters Франция полицияси вакилига таяниб.

Дуров Telegram платформасида содир этилган кибер ва молиявий жиноятлар бўйича ҳаракатсизликда айбланмоқда, дея аниқлик киритмоқда агентлик.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Дуровнинг ҳибсга олинишига изоҳ берди.

«Telegram раҳбарининг Францияда ҳибсга олиниши давом этаётган суд тергови доирасида содир бўлди. Бу ҳеч қандай сиёсий қарор эмас. Қарорни судьялар қабул қилади», — деб ёзди у.

Макрон Франция «сўз ва мулоқот эркинлиги, инновациялар ва тадбиркорликка чуқур содиқ» эканини таъкидлади. «Кейин ҳам шундай бўлиб қолади», — дея қўшимча қилди у ва қонуннинг ижроси тўлиқ мустақилликка эга бўлган судлар зиммасига тушишини таъкидлади.

  • 39 ёшли Павел Дуров 24 август куни Париж аэропортида қўлга олинган эди. Француз ОАВ у Telegram’да етарлича модерация йўқлиги ортидан келиб чиққан «гиёҳванд моддалар савдоси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарлик»да айбланаётгани ҳақида ёзди. Telegram ушбу платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар экани ҳақидаги даъволарни абсурд деб атади.