Ҳомиладорлик аёл организмида катта ўзгаришлар юз берадиган палла бўлиб, бу даврда тишлар ва милк билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Бундай пайтда аёллар тишларини даволатиши мумкинми? Ушбу саволга олий тоифали шифокор Миравзал Ирханов жавоб берди.

Мутахассиснинг айтишича, ҳомиладорликда тишлар ва милкларнинг яхши парвариш қилиниши жуда муҳим, чунки мазкур ҳолат умумий саломатликка ҳам таъсир кўрсатади.

Бу даврда гормонал ўзгаришлар туфайли милк ва тишлар сезувчан бўлиб қолади. Оқибатда милклар яллиғланиб, тез-тез қонайди. Яллиғланиш (гингивит) ҳомиладорларда жуда кенг тарқалган касаллик бўлгани боис тишларни ўз вақтида даволатиш ва профилактика чораларини кўриш зарур, дейди шифокор.

Агар бу муаммолар тезда бартараф этилмаса, улар янада жиддийроқ касалликларга сабаб бўлиши, жумладан, пародонтит — милкнинг оғир яллиғланиши ва тишларнинг тушишига олиб келиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, ҳомиладорликда тишларни даволатиш мумкин, бироқ бунинг учун айрим қоидаларга риоя қилиш мақсадга мувофиқ.

Айниқса, биринчи уч ойликда ҳар қандай даволанишни кечиктириш тавсия қилинади. Сабаби бу давр ҳомила учун энг муҳим ривожланиш палласи ҳисобланади. Иккинчи уч ойлик эса, аксинча, тишларни даволатиш учун қулай ва хавфсиз даврдир. Боиси бу вақтга келиб, ҳомиланинг асосий органлари шаклланиб улгуради, дейди Миравзал Ирханов.

Учинчи уч ойликда ҳам даволанишни имкони борича кечиктириш ёки енгил тартибда ўтказиш керак. Қолаверса, узоқ муддатли муолажалар ёки оғир операциялардан қочиш мақсадга мувофиқ. Сабаби бу ҳолат аёлнинг умумий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, қоидаларга кўра, ҳомиладорлик пайтида рентген нурларидан қочиш тавсия этилади. Лекин замонавий рентген аппаратлари кичик дозада нур тарқатишини инобатга олсак, агар тишларни рентген қилиш зарурати туғилса, буни махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мумкин.

Бу даврда тишларни даволашда ишлатиладиган анестезия воситалари ва дориларга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Шифокорлар одатда ҳомила учун хавфсиз бўлган анестезия воситаларини танлайди. Бироқ ҳар қандай даволаниш олдидан аёл ҳомиладор экани ҳақида стоматологга хабар бериши зарур.

Қолаверса, бу даврда тишларни кундалик тозалаш жуда муҳим. Тишлар ва милкларни ювиш учун йўғон чўткалар ва тиш ипларидан фойдаланиш керак. Шу билан бирга, истеъмол қилинадиган дори воситаларини стоматолог ёки терапевт билан маслаҳатлашган ҳолда амалга ошириш лозим. Таомланишда эса калций ва витаминларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тавсия қилинади.