Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқандга ташриф буюрди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

«Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида турибмиз. Илоҳим, мустақиллигимиз бардавом бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Халқимизни рози қилиш бўйича ишларимизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Бу мажмуани қуришдан мақсадимиз ҳам Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада кўтариш, жаҳонга баралла айтишга асос яратиш. Бундай хайрли ишларимиз кўп бўлсин», — деди у.

Ҳозирда президент ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси янгидан қурилмоқда. Мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр этиб кенгайтирилган. 10 минг кишига мўлжалланган масжид қурилган. Мажмуанинг 4 бурчагида 75 метрлик миноралар мавжуд. Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ рангларга алоҳида эътибор берилган.

Давлат раҳбари ушбу қурилиш ва пардозлаш ишлари билан танишди. Унинг таъкидлашича, энди мажмуада замонавий, хавфсиз бошқарувни жорий этиш зарур. У «мажмуа буюк маънавий устун бўлиши керак»лигини айтди.

Президент мутасаддиларга барча туман ва шаҳарлардаги табаррук зиёратгоҳларни тиклаш, уларнинг тарихи ва мазмунини тўғри талқин қилиб етказиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мажмуада, шунингдек, музей, нақшинкор айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилмоқда. Шавкат Мирзиёев бўлажак музейни ҳам кўздан кечирди.

Давлат раҳбари, шунингдек, Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, биринчи президент Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.