Telegram компанияси ўз асосчиси ва бош директори Павел Дуровнинг Франция расмийлари томонидан ҳибсга олинишига изоҳ берди.

«Телеграм Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилади — унинг модерацияси соҳа стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади», — дейилади хабарда.

«Telegram бош директори Павел Дуровнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва у тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади. Ушбу платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш абсурддир», — дея таъкидлади компания.

Компания дунё бўйлаб қарийб 1 миллиард фойдаланувчи Telegram’дан алоқа воситаси ва муҳим маълумотлар манбаи сифатида фойдаланишини эслатиб ўтди ва ушбу вазиятнинг тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров 24 август куни кечқурун Озарбайжондан Францияга келганида Париждаги аэропортда ҳибсга олинган. Француз ОАВ у Telegram’да етарлича модерация йўқлиги ортидан келиб чиққан гиёҳванд моддалар савдоси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарликда айбланаётгани ҳақида ёзган.

Июнь ойида у бир неча кунга Ўзбекистонга келганди. Дуров мамлакатда аҳолининг 70 фоиздан ортиғи ва деярли барча корхоналар фойдаланадиган платформанинг машҳурлигидан фахрланишини таъкидлаган. «Газета.uz» манбалари Павел Дуров Ўзбекистон расмийлари билан Telegram-банк очиш, шунингдек, Toncoin криптовалютасини қонунийлаштириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган.