26 август куни эрталаб Россия қўшинлари Украинага ракета ва дронлар билан оммавий зарба берди. Мамлакатнинг 15 вилояти, жумладан Киев, Лвов, Харков, Одесса ва Днепропетровск ҳужумга учради. Зарбаларнинг нишони энергетика инфратузилмаси бўлди, деди Украина бош вазири Денис Шмигал.

Ўққа тутилгандан сўнг бутун Украина бўйлаб электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. «Укренерго» электр таъминотида фавқулодда узилишлар эълон қилди, «Укрзализница» эса поездлар ҳаракати тўхтатилганини эълон қилди.

Киевнинг ўнг қирғоғида сув таъминотида узилишлар юзага келди, шаҳарнинг бир қанча ҳудудлари электр таъминотисиз қолди. Киев ГЭСи ҳам зарар кўрган.

«Бу энг йирик зарбалардан бири эди — комбинацияланган зарба. Юздан ортиқ турли хил ракеталар ва юзга яқин «шаҳидлар"[учирилди]», — деди Украина президенти Владимир Зеленский ўз видеомурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, зарбалар муҳим фуқаролик инфратузилмасига қаратилган ва энергетика секторига «катта зарар етказган». Унинг таъкидлашича, ҳалок бўлганлар ва ўнлаб жабрланганлар бор.

Россия Мудофаа вазирлиги душанба куни эрталаб «Украина ҳарбий-ҳаво кучлари ишини таъминлаган энергетика инфратузилмаси объектларига оммавий зарба берилганини» тасдиқлади. Ҳарбий идора баёнотида «барча нишонлар яксон қилингани» таъкидланган.