Ўзбекистонда 10 сентябрдан «Умра — 2024»нинг навбатдаги мавсуми бошланади. Бу ҳақда Ҳаж-Умра маркази матбуот хизмати хабар берди.

Йўловчилар Uzbekistan Airways АЖ авиакомпанияси орқали тўғридан тўғри рейсларда Саудия Арабистонига олиб борилади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 7 кун бўлади.

Мавсум давомида тажрибали ишчи гуруҳ ва имом-хатиблардан иборат элликбошилар ҳамда малакали шифокорлар йўловчиларга ҳамроҳ бўлади, дейилади идора хабарида.

Зиёратчилар Мадина шаҳридаги Grand Shahba, Макка шаҳрида эса Marmara Group Hotel меҳмонхоналарига жойлашади. Меҳмонхоналар 3−4 ўринли бўлиб, 3 маҳал таом, ширинлик ва мевалар бор.

Эслатиб ўтамиз, «Ҳаж ва Умра» маркази Умра хизматлари нархини 2024 йил 10 январдан эътиборан бир киши учун 16 600 000 сўм этиб белгилаган. Марказнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, хизмат нархи ўзгариши мумкин. Бу ҳақда аниқ маълумот кейинроқ тақдим этилади.