Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида турар жой мажмуаси ва меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда. Улар Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев томонидан 23 август куни бошлаб берилган лойиҳалар қаторига киради.

Лойиҳа қиймати 133 миллион долларга баҳоланмоқда. Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, мажмуа 21 қаватли бир нечта баланд ва 27 қаватли бош бинодан иборат бўлади.

agalarov development, меҳмонхона, миробод тумани, турар жой, эмин агаларов

Лойиҳа 750 апартаментдан иборат «премиум апарт-меҳмонхона» форматида ишлаб чиқилган. Ҳудудда «пухта ўйланган инфратузилма, қулай автотураргоҳ ва кўкаламзорлаштирилган ички ҳовли» бўлади.

Майдоннинг умумий ҳудуди 1,98 гектарни ташкил этади, биноларнинг умумий майдони 90 минг квадрат метрга тенг, ижара учун мос майдон эса 60 минг квадрат метрни ташкил қилади. Шунингдек, 5400 квадрат метр савдо-хизмат кўрсатиш майдонлари, гастрономик лойиҳалар ва катта фитнес марказ учун ажратилган.

Agalarov Development компанияси президенти Эмин Агаларов (хонанда ва Озарбайжон халқ артисти Emin) қурилишнинг фаол босқичи сентябрь ойида бошланишини айтди. Лойиҳанинг режалаштирилган муддати уч йилга бормайди.