Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари 2021 йилнинг август ойида Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган ҳарбий самолёт ва вертолётлар тақдири бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник Kun.uz`га маълум қилди.

«Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий», — деди элчи авиатехника жиҳозлари Ўзбекистонда қоладими, деган саволга жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, томонлар аллақачон «қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган».

Элчининг таъкидлашича, «ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Улар (афғон армияси — таҳр.) ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша эгаси бўлганмиз», — деди дипломат.

Шу ой бошида АҚШнинг Sierra Nevada Corporation компанияси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган самолётлар қаторида бўлган олтита Pilatus PC-12 самолётини таъмирлаш бўйича Ўзбекистон билан шартнома имзолаганди.

Лойиҳа қиймати 64,2 миллион долларни ташкил этади. Ишларни 2027 йилнинг августида якунлаш режалаштирилган. Шартнома АҚШнинг Хорижий ҳарбий савдо дастури доирасида амалга оширилади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ элчиси томонлар 45 дан ортиқ ҳарбий самолёт ва вертолётлар тақдири бўйича музокараларни давом эттираётганини таъкидлаган эди.

Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳарбий техникаси Термиз аэропортида, 2021 йил 16 август. Фото: CSIS.Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳарбий техникаси Термиз аэропортида, 2021 йил 16 август. Фото: CSIS.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания давомида афғон ҳукуматига кўплаб самолёт ва вертолётлар тақдим этган. «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида жами 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган. Норасмий баҳоларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига қўнган самолёт ва вертолётлар бортида 500 дан 600 нафаргача Афғонистон фуқаролари бўлган. Сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар аввал БАА, кейин эса АҚШга кўчирилган.

Афғонистон муваққат ҳукумати самолётлар Афғонистон мулки эканини бир неча бор таъкидлаган. Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини қайд этган.

2022 йилнинг сентабрида Politico нашри АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистонга «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш» бўйича норасмий келишув эвазига афғон самолётларининг бир қисмини бериши мумкин, деб ёзганди.