17 август куни Андижон шаҳри Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган шаҳарнинг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўз лавозимидан озод этилди. «Газета.uz»га ушбу маълумотни шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Раҳматуллаев «соғлиғи туфайли ўз хоҳишига кўра» истеъфога чиққан. Уни лавозимидан озод этиш ҳақидаги қарор 24 август куни, тайинланганидан бир ҳафта ўтиб имзоланган.

Ҳокимлик матбуот хизмати ушбу қарор Раҳматуллаевнинг Андижон ҳокими сифатидаги фаолияти ҳақидаги интернетдаги муҳокамаларга алоқадор эмаслигини билдирди.

Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон шаҳрига ҳоким этиб тайинланган. У 2017 йилнинг кузида шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани ортидан интернетда машҳур бўлганди.

Собиқ амалдор бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5,167 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган.

2018 йилнинг апрелида эса у бош вазир иштирокида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун, бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун ҳайфсан олган. Бош вазир у охирги марта огоҳлантирилаётганини маълум қилган.

2019 йилнинг июнь ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислиги селектор йиғилишдан ёзиб олинган аудиоёзув тарқалган. Унда, хусусан, вилоят раҳбари Дилмурод Раҳматуллаевни ҳақоратли сўзлар қўллаган ҳолда танқид қилган.

Орадан бир ой ўтиб, Раҳматуллаев ишдан олинган, унинг ўрнини Баҳромжон Ҳайдаров эгаллаган.