Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон вилоятидаги Shangfeng-Bridge of Friendship цемент заводи бўйича текширувни якунлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Июлда қўмита компанияга қарши антидемпинг ишини очганди. Фарғона водийсидаги бир қанча цемент заводлари Shangfeng-Bridge of Friendship корхонаси ички бозорда маҳсулотни таннархидан паст нархларда сотаётгани, бу эса уларни банкротлик ёқасига олиб келганини айтиб шикоят қилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, жорий йилнинг мартидан июлигача бўлган даврда биржа савдолари орқали сотилиши керак бўлган жами 122,7 минг тонна цемент белгиланган талабларга зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган.

Шунингдек, 2700 тонна цемент ўртача ҳисобланган биржа котировкасидан юқори нархларда сотилиб, 81,1 миллион сўм асоссиз даромад олинган. Қўмита бу хатти-ҳаракатларни инсофсиз рақобат деб атади.

Қўмитанинг махсус комиссияси компанияни демпинг (маҳсулотни сунъий арзон нархда сотиш) ва биржа савдоларида рақобатни чеклагани учун 4,9 миллиард сўм миқдорида жаримага тортишга қарор қилди. Shangfeng-Bridge of Friendship қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар олди.

МЧЖ томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги (цемент) маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномаларга асосан реализация қилишда ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаш бўйича тўпланган ҳужжатлар солиқ органига юборилди.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида қиймати 500 миллион долларлик иккита цемент заводи ташкил этиш режалари ҳақида 2023 йил октябрь ойида айтилган эди. Ўшанда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов корхоналар йилига 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 15 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имкониятига эга бўлишини таъкидлаганди.

Shangfeng-Bridge of Friendship апрель ойи охирида ишга туширилган, қуввати — йилига 2,5 миллион тонна цемент. Унинг асосчилари Хитойнинг Zhejiang Shangfeng Building Materials (29%), Conch International Holdings Hong Kong Limited (51%) ва маҳаллий Jo’ydam Ta`mir Qurilish (20%) компаниялари ҳисобланади.

West China Cement компаниясига тегишли худди шундай қувватга эга иккинчи завод май ойида очилган.