Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди (видео).

Рақамли далилларга оид қонун лойиҳаси парламентга учинчи марта киритилмоқда, чунки аввалги икки уриниш (2022 йил июнь ва 2023 йил ноябрь ойларида) рад этилган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қонун билан Жиноят-процессуал кодексига 202−2 моддаси қўшилиши депутатлар эътирозига сабаб бўлганди (биринчи ўқиш жараёни ҳақида ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин). Модда билан «корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан рақамли маълумотларни терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг талабига кўра электрон маълумотларни ўз ихтиёрида бўлган воситалар билан бирга тақдим этиши шартлиги» келтириб ўтилганди.

Маъруза қилувчи депутат, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Ориповнинг қайд этишича, юқоридаги норма лойиҳадан чиқариб юборилган. Иккинчи ўқиш учун қонун лойиҳаси такомиллаштирилган.

Қонун номи ва матнидаги «электрон (рақамли)» сўзлари «рақамли» сўзи билан алмаштирилди. Шунга кўра, иккинчи ўқишга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ном билан тақдим этилди.

Қонун лойиҳаси билан гувоҳларнинг ҳуқуқларига (Жиноят-процессуал кодексининг 66-моддаси) рақамли далилларни тақдим этиш ҳуқуқи киритилмоқда.

Шунингдек, шахсга доир маълумотларни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда бундай маълумотларни тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида депутатларнинг ташаббуслари асосида Жиноят-процессуал кодексининг 88-модданинг 5-қисмига ишга алоқадор бўлмаган далиллар тергов органи ва суднинг ихтиёрида қолиб кетган бўлса, улар қайта тикланмайдиган тарзда йўқ қилиниши лозимлиги тўғрисида норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг 161-моддасида тинтув ва шахсий электрон маълумотларни олиб қўйиш қонун ва суднинг қарорига қўра амалга ошириш тўғрисидаги 9-қисм билан тўлдирилди.

рақамли далиллар, электрон далиллар, қонунчилик палатаси

Қонун депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди. Унда депутатларнинг 118 нафари маъқуллади, 2 нафари овоз бермади.

Қонунни учинчи ўқишда ҳам қабул қилиш таклифи билдирилди ва овозга қўйилди. Овоз бериш жараёнида маъқуллаганлар сони ўзгармади. Қонун учинчи ўқишда ҳам қабул қилиниб, Сенатга юборилди.