Фарғона вилояти Данғара туманида хизмат вазифасини бажараётган ходим фуқаро томонидан пичоқ билан ҳужум қилиниши оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси.

Қайд этилишича, 26 август куни соат 20:45 атрофида туман ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ваколати доирасида муқаддам судланиб, соат 18:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойини тарк этмаслик тақиқи билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган.

Бироқ у хонадонида йўқлиги ва жазони ўташ тартибини бузганини аниқлаган. Шу вақтда фуқаро маст ҳолда уйига келиб, бақир-чақир қилган, жанжал кўтарган.

Сўнгра хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб чиқиб, кутилмаганда инспекторнинг кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган ҳамда воқеа жойидан қочиб яширинган. Бироқ Н.М. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.