Исроилнинг Ўзбекистонга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг дипломатик миссиясини бошлади, дея хабар берди элчихона матбуот хизмати.

«Халқаро муносабатларда катта тажрибага эга ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга содиқ бўлган Гидеон Лустик мамлакатлар ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга тайёр», — дейилади хабарда.

Гидеон Лустиг Ўзбекистон билан бир қаторда Тожикистондаги норезидент элчи ҳам ҳисобланади. У бунга қадар 2022 йилдан буён Исроил Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий директори штаб бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

У Тошкентда ишга киришганидан сўнг «Ғалаба боғи»да жойлашган Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда яҳудийларнинг бошпана топишига бағишланган монументни зиёрат қилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги яҳудий жамоалар раҳбарлари билан учрашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги элчи Зеавит Бен-Ҳиллель мазкур лавозимда 2020 йилдан буён ишлаб келаётганди. У мазкур фаолиятини июль ойида тугатганди.