Қозоғистоннинг Kaspi.kz технология компанияси Ўзбекистондаги Humo тўлов тизимининг оператори бўлган Миллий банклараро процессинг марказининг 100 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича тендерда иштирок этиш истагини билдирди.

Forbes.kz нашрининг ёзишича, тегишли хат Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи Deloitte халқаро консалтинг компаниясига юборилган.

Kaspi.kz раҳбари ва ҳаммуассиси Михаил Ломтадзе компаниянинг Humo`нинг амалдаги бизнес моделини ривожлантириш режаси ҳақида хабар берди. Унинг айтишича, бу режа «нақд пулсиз тўловлар ўсишига туртки берадиган ва иқтисодиёт ривожланишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ҳамда хизматларини такомиллаштириш бўйича улкан тажриба билан тўлдирилади».

Унинг сўзларига кўра, Kaspi Ўзбекистондаги технология ва ходимларга «сезиларли инвестициялар» киритишни режалаштирмоқда. Бу сармоялар «Humo тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада қулайроқ ва фойдаланишга имконли қилади».

«Ушбу инвестициялар натижасида Humo ривожланиш учун қўшимча туртки олади, ўзининг технологик имкониятларини кенгайтиради ва инновациялар соҳасида кўпчилик учун намуна бўлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга олиб келади ва мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг драйверига айланади» — деди Михаил Ломтадзе.

Kaspi.kz онлайн тўловлар ва P2P ўтказмалари, шахсий маблағларни бошқариш ва етказиб бериш билан онлайн харидлар хизматларини бирлаштиради. Компания учта платформада ишлайди — тўловлар, маркетплейс ва финтех — улар бир номдаги мобил иловага бирлаштирилган.

2024 йилда Kaspi.kz NASDAQ фонд биржасида АҚШда оммавий жойлаштиришни (IPO) ўтказди, бу сўнгги икки йил ичида АҚШдаги энг йирик оммавий жойлаштиришлардан бирига айланди. Айни пайтда компаниянинг капиталлашуви қарийб 24 миллиард долларни ташкил этади.

Humo ҳақида

Humo миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ўшанда чакана тўловлар билан ишловчи давлат процессинг марказининг йўқлиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтириши, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциясини таъминлаш имконини бермаслиги ва битта монопол тизимнинг ҳукмронлигига олиб келиши қайд этилганди.

Humo тизими ўша пайтдаги ягона хусусий тузилма бўлган Uzcard процессинг марказида катта дастурий носозликдан сўнг пайдо бўлган.

Humo раҳбари Шуҳрат Қурбоновнинг тушунтиришича, тўлов тизимини номарказлаштиришдан мақсад ҳеч кимнинг бозорни монополлаштиришига йўл қўймаслик, аксинча, банкларнинг мустақил бўлишига имкон беришдир.

Компаниянинг устав капитали 155,4 млрд сўмни ташкил этади. Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ Humo карталари чиқарилган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6400 дан ортиқ банкомат ўрнатилган.

Президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Humo`даги давлат улуши Давактивга ўтди. Сотилиш эҳтимоли ҳақидаги тахминларга жавобан агентлик «Газета.uz»га Humo трансфери хусусийлаштириш билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаганди. Банклараро процессинг марказининг Марказий банк балансида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келди, деб таъкидлаган ўша пайтда Давактив.

Бироқ президентнинг 19 апрелдаги қарори билан тўлов тизими давлат акциялари ёки акциялар пакетлари очиқ савдоларга қўйилиши керак бўлган 247 та компания рўйхатига киритилган.

Июль ойида Давактив Humo давлат тўлов тизимини сотиб олиш учун аризаларни қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Давлат улуши «музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усули орқали сотилиши айтилганди.