Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ОАВ ва интернетда ёлғон маълумот тарқатганлик учун катта миқдорда жарима солишни таклиф қилди, деб ёзмоқда Kloop.kg.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ҳужжат Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексни тегишли модда билан тўлдиришни таклиф этмоқда.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, ОАВ, интернет ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда «ёлғон, чалғитувчи ёки хато маълумотлар»ни эълон қилганлик ва тарқатганлик учун фуқароларга 100 минг сом (1100 доллар атрофида), юридик шахсларга эса 200 минг сом (2300 доллар атрофида) жарима солинади.

Қоидабузарларга жарима солиш ва ундиришни Маданият вазирлигининг ўзи амалга оширади.

Таъкидланишича, ўзгартириш «жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш» мақсадида таклиф этилмоқда.

«Ёлғон маълумотлар ваҳима уйғотиши, нотўғри маълумотларни ёйиши, тартибсизликларни келтириб чиқариши ва жамоат тартибини бузиши мумкин… Интернетда тарқатилаётган дезинформация жамоатчилик фикрини манипуляция қилиши ва сайловларга таъсир кўрсатиши мумкин… Ёлғон маълумотлардан номзодлар, партиялар ёки давлат институтларини обрўсизлантириш учун фойдаланилиши ҳам мумкин», — дейилади тушунтиришда.

Ҳужжатда, шунингдек, қонун лойиҳаси «ишончли маълумотларни тарқатишга ва аҳолининг интернет-контентни истеъмол қилишда танқидий фикрлаш зарурлиги тўғрисида хабардорлигини оширишга» ёрдам бериши айтилади.

  • Апрель ойида Маданият вазирлиги, шунингдек, ОАВ ва Интернетдаги туҳмат ва ҳақорат учун жарима солишга имкон берадиган Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар лойиҳага қарши чиқиб, идоранинг таклифини цензура ва оммавий ахборот воситаларига босим деб атаган.