Истанбул-Самарқанд йўналишида HH572 рейсини амалга ошираётган Qanot Sharq хусусий авиакомпаниясининг А320 самолёти душанба куни кечқурун Туркия шимолидаги Амасья вилоятининг Мерзифон шаҳарчаси аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда турк нашрлари ёзмоқда.

FlighRadar24 хизмати маълумотларига кўра, ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтмасдан экипаж бортдаги фавқулодда ҳолат ҳақида сигнал берган ва самолёт (рўйхат рақами UK32031) пастлашни бошлаган.

Haberler Ozel’нинг ёзишича, бунга салондаги босимнинг пасайиши сабаб бўлган. Бортида 152 киши бўлган (бошқа ОАВлар 149 йўловчи ва 3 экипаж аъзоси ҳақида ёзмоқда) самолёт хавфсиз қўнган. Йўловчилар терминалга жойлаштирилган. Хабар қилинишича, носозлик бартараф этилгач, авиалайнер парвозни давом эттириши мумкин бўлади.

Мерзифон Истанбулдан 565 км, Анқарадан 325 км узоқликда жойлашган.