Тошкент метрополитенининг поезд вагонидаги кичик ойнаси синди. Бу ҳақда Тошкент метрополитени маълумот берди.

Қайд этилишича, тармоқларда акс этган ҳолат 2024 йилнинг 4 июль санасида содир этилган. Ўша куни 4006-сонли метро вагонининг тирқиши йўловчилар томонидан «эҳтиётсиз ҳаракат» билан очилган ва оқибатда тирқиш синиб кетган.

Ушбу ҳолатдан поезд машинисти хабар топгач, белгиланган йўриқномага асосан ҳаракат таркиби электродепога олиб кирилган ва ушбу камчилик бартараф этилган.

«Шу ўринда, йўловчилардан метро хизматидан фойдаланиш вақтида эҳтиёткор бўлишларини ҳамда метро мулкига зарар етказмасликларини сўраймиз!», — дейилади метрополитен хабарида.