Халқ депутатлари Мирзаобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ориф Худойбердиевич Рахмонкулов туманга янги ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сессияда амалдаги ҳоким Сарвар Султонов лавозимидан озод этилгани маълум қилинди, у туманни 2023 йил 31 октябрдан бери бошқариб келаётганди. Июль ойида президент 10 та туман, шаҳар ҳокимлари қаторида Султоновни ҳам ишдан олиш бўйича таклифни қўллаб-қувватлаганди.

Ориф Рахмонкулов 1983 йилда Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. 2010 йилда Тошкент молия институтининг бакалавр, 2012 йилда магистратура босқичини тамомлаган. Мутахассислиги — бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

Меҳнат фаолияти давомида банк соҳасида турли вазифаларда фаолият олиб борган. Мазкур тайинловга қадар «Ипотекабанк» акциядорлик тижорат банки Сирдарё вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келаётганди.