Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон учун 2024−2028 йилларга мўлжалланган, мамлакатда яшил ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ҳамкорлик стратегиясини бошлади, дея хабар қилди банк матбуот хизмати.

Янги беш йиллик стратегия доирасида ОТБ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишида ёрдам бериш, хусусий сектор ривожланиши ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш ва инсон капиталига сармояларни рағбатлантириш бўйича яқин ҳамкорлик қилади.

«Стратегия ҳукуматнинг „Ўзбекистон-2030“ узоқ муддатли ривожланиш режасида белгиланган устувор йўналишларига мос келади», — дейилади хабарда.

осиё тараққиёт банки, отб, таълим, энергетика, яшил иқтисодиёт

«ОТБнинг Ўзбекистон учун янги ҳамкорлик стратегияси мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегик мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлайди. ОТБ Ўзбекистоннинг кўп йиллик ишончли ҳамкори сифатида ташқи глобал ва минтақавий зарбаларга қарамай мамлакатга барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва камтаъминланганликни камайтиришга ёрдам беришга содиқ қолади», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Янги стратегия ОТБнинг энергетика, давлат секторини бошқариш, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни бошқариш ҳамда шаҳарларни ривожлантириш каби қатор тармоқлардаги фаолиятини ўз ичига олади. Бундан ташқари, банк таълим ва ижтимоий ҳимояни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

«Янги ҳамкорликнинг стратегик мақсадларига эришиш учун ОТБ сиёсий мулоқот ва инновацион ечимлар билан бир қаторда, мамлакатдаги суверен ва хусусий сектор операцияларини жалб қилади», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая.

Иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини кенгайтириш учун қулай муҳитни қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТБ макроиқтисодий ва фискал ислоҳотларни, шунингдек, давлат корхоналар трансформацияси ва хусусийлаштиришга тайёрлашни кучайтиради, дейилади банк хабарида.

Бундан ташқари, банк хусусий секторнинг иқтисодий ривожланишдаги иштирокини, жумладан, ички молия бозорлари ва инфратузилма инвестицияларини яхшилаш орқали қўллаб-қувватлайди.

ОТБ, шунингдек, тўғридан тўғри суверен бўлмаган молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик орқали хусусий секторни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача инсон капиталини ривожлантириш мақсадларига эришиш учун ОТБ кўмаги бутун мамлакат бўйлаб таълим ва кўникмаларни ошириш сифати, инклюзивлиги ва долзарблигини оширишга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, жумладан, хусусий секторнинг кенг иштирокини рағбатлантириш орқали, шунингдек, аҳолининг энг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш орқали қаратилади.

ОТБ, хусусий сектор операциялари сари ўзининг стратегик силжишига мувофиқ, маҳаллий ва халқаро компаниялар, инвесторлар ва бизнес бирлашмалари билан биргаликда молиялаштириш бўйича ҳамкорликни ва мулоқотни кенгайтиради. ОТБ, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, одамларга сармоя килиш, гендер тенглигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун фуқаролик жамияти ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни давом эттиради.

Маълумот учун, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга 12,5 млрд доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.