Қонунчилик палатасининг 27 август кунги мажлисида ««Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, деб хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.

Қонун лойиҳасида турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тақдирлаш тизимини жорий этиш мақсадида алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш ва қонун ҳужжатларида бунинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида»ги ва «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги иш ўринлари яратиш, инновациялар жорий қилиш, экспорт қилиш ва етук мутахассислар тайёрлашда барчага намуна бўладиган ҳамда жамият ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тизимли тақдирлаш имконини беради.

«Шу билан бирга, ушбу унвонни таъсис этиш орқали тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасига эътиборни қаратиш ва баҳолаш, катта ютуқларга эришган ва жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этаётган тадбиркорларни аниқлаш ҳамда уларни тақдирлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва бизнесга қизиқишни юксалтириш мақсадига эришилади», — деб ёзди ҚП матбуот хизмати.

Мажлисда депутатлар, фракциялар вакиллари фахрий унвон таъсис этилишининг аҳамиятини таъкидлаб, қонун лойиҳасини қабул қилди.