Бир неча йил олдин мен индиака деб номланган янги спорт тури билан шуғуллана бошладим. Ўйин волейболга ўхшайди, лекин тўп ўрнига катта қизил волан қўлланади. Япониядаги клубимда 30 га яқин одам бор ва яқинда биз 25 ёшда бўлган икки аъзони қабул қилдик. «Биз ушбу клуб аъзоларининг ўртача ёшини пасайтиришдан мамнунмиз, — дейишди улар биринчи машғулотда, — энди у 58 ёшни ташкил этади!» Биз ҳаммамиз баралла кулиб юбордик.

Бошқа томондан, ўтган ойда Тошкент аэропортига келганимда биринчи эътиборимни тортган нарса — барча ходимларнинг жуда ёш экани бўлди. Меҳмонхонада нонушта қилиб ўтирганимизда столларга хизмат қилаётган официантларнинг ёшлиги мени яна бир бор ҳайратга солди. Агар мен бу ерда «Индиака» клубини топганимда, ўйлайманки, клуб аъзоларининг ўртача ёшини оширган бўлардим!

акико фужии, ёшлар, колонка

Билишимча, ҳозирги вақтда Ўзбекистон жадал демографик ўсишни бошдан кечирмоқда ва аҳоли сонининг энг юқори чўққиси тахминан 2040 йилда бўлиши кутилмоқда.

Бу аслида нимани англатади? Бу шуни англатадики, Ўзбекистон ўзининг ёш ва ғайратли аҳолиси туфайли йигирма йиллик ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш учун улкан имкониятларга эга. Мамлакат ушбу муҳим ўнйилликлардан имкон қадар самарали фойдаланиши жуда муҳимдир. Мамлакат бунга тайёрми? Халқ тайёрми? Хусусан, ёшларда фаровонликка эришиш учун имкониятлар борми?

Ўзбекистон 2030 стратегиясида «Ҳар бир инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш» алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон жадал иқтисодий ўсишни бошдан кечирмоқда. 621 минг сўмдан кам бўлган уй хўжаликларининг ойлик минимал истеъмол харажатлари сифатида белгиланган мамлакат даромадларининг камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача тушди. Келажакда ҳукумат 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилги даражасига нисбатан икки баравар пасайтириш ниятида.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда улкан ислоҳотлар мажмуи ишлаб чиқилди, бироқ, келинг, аҳолини ислоҳотларнинг афзалликлари билан қамраб олиш даражасини кўриб чиқайлик. Мисол учун, БМТТДнинг парвариш билан боғлиқ иқтисодий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида таъкидланишича, аёллар ҳафтасига ўртача 46,92 соатни болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ фаолиятга сарфлайди, эркаклар орасида эса бу кўрсаткич 16,48 соатни ташкил этади, ва бу аёлларнинг иқтисодий иштирокига яхшигина таъсир қилади.

Ҳисоботда, шунингдек, ёш болаларни парвариш қилаётганларнинг 40,4 фоизи даромадга эга эмаслиги қайд этилган, бу эса парвариш қилаётган шахсларга нисбатан иқтисодий босим мавжудлигини кўрсатади. Шу билан бирга, сўнгги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги 300 000 дан ортиқ ногиронлиги бўлган шахснинг атиги 5−7 фоизи иш билан таъминланган.

акико фужии, ёшлар, колонка

Жорий йилнинг март ойида БМТТД Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан биргаликда «Ўзбекистонда кўп ўлчовли камбағаллик индекси бўйича тажриба-синов ҳисоботи«ни эълон қилди. Кўп ўлчовли камбағаллик концепцияси ва унинг қўлланилиши мавзуси Тошкент шаҳрида 2024 йил 27−29 август кунлари бўлиб ўтаётган Кўп ўлчовли камбағаллик масалалари бўйича коллегиал тармоқнинг 9-юқори даражадаги йиллик йиғилишида муҳокама қилинмоқда. Ғоя камбағалликни турли кўрсаткичлар ёрдамида ўлчашимиз мумкин бўлган турли хил маҳрумликлар тўплами сифатида тушунишдан иборат.

Бизнинг фикримизча, камбағаллик нафақат оддий маблағ етишмовчилиги, балки муносиб ҳаёт кечириш (масалан, асосий инфратузилма — сув, электр энергияси ва бошқалар), соғлиқни сақлаш, таълим, молия ва бошқалар каби ҳаётий имкониятларнинг йўқлиги билан тавсифланади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, аҳолининг 18,4 фоизи шаҳар ва қишлоқ жойларида турли даражада ифодаланган кўп ўлчовли камбағалликни бошдан кечиради.

Ёшларнинг камол топиши учун имкониятлар мавжуд. Аммо улар нотекис тақсимланган, баъзилар эса бу имкониятлардан четда қолмоқда. 2030 йилгача ривожланиш стратегиясида ёшларни ривожлантиришга — ёш истеъдод эгаларининг спорт, таълим ва авлодларимиз ҳали кўриб билмаган рақамли асрнинг меҳнатдаги ижодий салоҳиятини ва куч-ғайратини очиш масаласи алоҳида қайд этиб ўтилган. Ҳозир буларни амалга оширишнинг айни пайти. Мана, кўплаб ёш истеъдодлар бор БМТТДда биз бу ишни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Биринчи қадам ёшлар нафақат бандлик ва камбағалликни қисқартириш дастурлари учун мақсадли гуруҳ, балки ташаббускорлар, қарорлар қабул қилувчилар ва сиёсий, ижтимоий ва ишбилармонлик ҳаётининг барча соҳаларида етакчилар эканини тан олишдир.

акико фужии, ёшлар, колонка

Бугун кундуз куни илиқ шабада остида Миробод бозорида сайр қилар эканман, қуруқ мевалар ва зираворларнинг ҳиди бурним ва ошқозонимни сархуш қилаётганини ҳис қиламан. Лекин мени кўпроқ нима ҳаяжонлантиради? Табассумлар. Ғайрат. Шафтолиларни келажак ва янада яхши ҳаёт умиди билан сотаётган ёшлар. Мен шафтолини бир тишлаб оламан. Унинг шарбати оғзимни ёқимли там билан тўлдиради. Юрагимни эса Ўзбекистонда барқарор ва инклюзив инсон тараққиётини қўллаб-қувватлаш йўлида БМТ Тараққиёт дастури билан янги саёҳатимни бошлаганимдан умидлар тўлдиради.

Муаллиф ҳақида

Акико Фужии 2024 йил ёзида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили этиб тайинланган. У БМТТДда 25 йилдан ортиқ тажрибага эга ва бутун дунё бўйлаб раҳбарнлик лавозимларида ишлаган. У етакчи раҳбар сифатида иқлим ўзгариши билан боғлиқ иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда, инқирозли ва зиддиятли вазиятларда кенг кўламли гуманитар ёрдамни бошқаришда, барча учун адолатли ва барқарор инсон тараққиётига эришиш учун бошқарув тизимлари бўйича маслаҳат беришда фаол иштирок этган. Сассекс университетида (Буюк Британия) гендер ва ривожланиш, Киото университетида инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича магистрлик даражасини олган.