Техас штати федерал суди президент Жо Байден маъмуриятининг АҚШда зарур ҳужжатларсиз яшовчи мигрантларга ҳуқуқий мақом бериш дастурини тўхтатди, деб ёзади The Washington Post.

Қарор АҚШнинг 16 та штати дастурни блокировка қилишни талаб қилган суд даъвосидан сўнг бошланган суд жараёнлари доирасида қабул қилинди. Улар Байденнинг хатти-ҳаракатлари АҚШ иммиграция қонунларини қайта ёзиш учун ижро ҳокимиятини суиистеъмол қилиш эканини таъкидлади.

Суд дастур бўйича аризаларни тасдиқлашни икки ҳафтага тўхтатиб туришга қарор қилди, муддат узайтирилиши мумкин. Собиқ президент Дональд Трамп томонидан тайинланган судья Жон Кэмпбелл Баркер штатларнинг даъволарини «муҳим» деб топди ва улар «суд ҳозиргача кўра олганидан кўра кўпроқ текширувни» талаб қилади, деб қарор қилди.

Ҳукуматга кечиктириш вақтида аризаларни қабул қилишни давом эттиришга рухсат берилади.

АҚШ президенти 2024 йил июнь ойида Keeping Families Together («Оилаларни бирлаштириш») дастурини эълон қилганди. Унинг шартларига кўра, АҚШ фуқароларининг қонуний никоҳда бўлган ва мамлакатда камида 10 йилдан бери яшаётган турмуш ўртоқлари АҚШдан чиқмасдан доимий яшаш учун ариза топшириши мумкин. Байден маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, дастур америкаликларнинг 500 мингдан ортиқ турмуш ўртоғи ва ота-онасидан бири АҚШ фуқаросига турмушга чиққан 21 ёшгача бўлган 50 мингга яқин болани қамраб олади.