23 август куни Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг тадбиркорлар билан учрашуви якунлари бўйича икки мамлакатда умумий қиймати 520 млн доллар бўлган еттита қўшма лойиҳани амалга оширишга киришилди, дея хабар бермоқда Report ахборот агентлиги.

global textile, pasha holding, tst group, дўстлик боғи, озарбайжон

Тошкентда Ritz-Carlton бренди остида беш юлдузли меҳмонхона ва премиум тоифадаги резиденция қурилиши шулар жумласидандир. Лойиҳа қиймати 200 млн долларни ташкил этади. «Газета.uz» февраль ойида лойиҳа Озарбайжоннинг Pasha Holding компанияси томонидан амалга оширилиши режалаштирилгани ҳақида ёзганди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида гипс ва гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Матанат А» корхонаси қурилиши бошланди. Ишлаб чиқариш ҳажми суткасига 350 тоннани ташкил қилувчи лойиҳа қиймати 20 млн долларга баҳоланмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, Agalarov Development компанияси Тошкент марказида 133 млн долларлик турар жой мажмуаси ва меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда.

Озарбайжоннинг Евлах туманида Global Textile компанияси иштирокида 104 млн долларлик тўқимачилик кластерини қуриш режалаштирилган. Лойиҳа пахта етиштириш бошидан тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини ўз ичига олади. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда корхона раҳбари Музаффар Разоқовга 2 минг иш ўрни яратилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа «Ўзбекистоннинг энг кўрсаткичли кластери»га айланишини таъминлаш бўйича топшириқ берганини айтди.

Илҳом Алиевнинг айтишича, кластерда 40 минг тонна пахта хомашёси ишлаб чиқарилади, бу маҳаллий ишлаб чиқаришнинг деярли 15 фоизига (300 минг тонна) тўғри келади. Келгусида корхона майдонини икки баробарга — 5 минг гектардан 11 минг гектарга ошириш режалаштирилган. «Бундан ташқари, у ерда ҳаммаси суғориладиган ерлар, менимча, ҳақиқатан сизларнинг технологияларингиз билан гектарига 4−5 тоннадан йиғиб оламиз. Яъни 50 минг тонна ҳажмга етишимиз мумкин. Бу жиддий ўсиш бўлади», — деди у.

Ўзбекистоннинг Business Tex компанияси Озарбайжоннинг Ханкенди шаҳрида 6 млн долларга тўқимачилик фабрикаси қурилишида иштирок этади.

Ўзбекистоннинг TST Group компанияси ҳам Озарбайжоннинг Имишли туманида 54 млн долларга тўқимачилик кластерини қуради. Бунинг учун компаниялар 5000 гектар майдон ажратади (видео). Кластер таркибига пахта етиштириш, пахтани қайта ишлаш, йигириш, тўқувчилик, кийим-кечак ишлаб чиқариш ва ёғ ишлаб чиқариш корхоналари киради.

Икки мамлакат Озарбайжоннинг Фузули туманида дўстлик боғи барпо қилади. Лойиҳанинг қиймати 3 млн долларни ташкил этади, ҳар бир томон сумманинг 50 фоизини ўз ҳиссасидан қўшади.

Маълумотларга кўра, боғ 100 гектар майдонни эгаллайди, у ерда турли мевали дарахтлар, жумладан, Ўзбекистондан олиб келинган кўчатлар экилади. Боғдорчилик фаолияти натижасида олинган маҳсулотларни дастлаб Озарбайжон ва Ўзбекистон бозорларида сотиш, сўнгра биргаликда учинчи давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармонлари билан учрашувда қўшма инвестиция фонди миқдорини, авиақатновлар сонини ошириш, Боку ва Тошкентда «Боқий шаҳар» мажмуаларини қуриш таклифини билдирганди. «Бокуда ўзбек тупроғи, Тошкентда Озарбайжон тупроғи бўлади», — деди у.