Афғонистон Миллий Мудофаа вазирлиги 2021 йил август ойида афғон аскарлари мамлакатдан олиб чиқиб кетган ҳарбий самолётлар ва вертолётларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқди, дея хабар бермоқда Ariana News ташкилот баёнотига таяниб.

«Ўзбекистондаги афғон вертолётлари ва самолётлари тақдирига оид ҳар қандай келишув қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат», — дейилади баёнотда.

Вазирликнинг таъкидлашича, АҚШнинг «афғон халқи мулкини Ўзбекистонга хайрия қилишга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқ».

«Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳар қандай битимлардан воз кечиши ва яхши қўшничилик руҳида оқилона қарор қабул қилиши ҳамда самолётларни Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига топширишга кўмаклашиши кутилмоқда», — дейилади ташкилот баёнотида.

Аввалроқ АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари Афғонистондан олиб ўтилган ҳарбий самолётлар ва вертолётлар тақдири бўйича келишувга эришгани ва авиатехникалар Ўзбекистонда қолишини маълум қилганди. Дипломатнинг таъкидлашича, «ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди». «Улар (афғон армияси — таҳр.) ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша эгаси бўлганмиз», — дейди у.

  • Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания давомида афғон ҳукуматига кўплаб самолёт ва вертолётлар тақдим этган. «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида жами 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган. Норасмий баҳоларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига қўнган самолёт ва вертолётлар бортида 500 дан 600 нафаргача Афғонистон фуқаролари бўлган. Сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар аввал БАА, кейин эса АҚШга кўчирилган.
  • Афғонистон муваққат ҳукумати самолётлар Афғонистон мулки эканини бир неча бор таъкидлаган. Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини қайд этган.