Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, профессор Беҳзод Садикович Йўлдошев 28 август куни 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ФА матбуот хизмати хабар берди.

Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майда Тошкентда туғилган, физик олим, Фанлар академияси академиги (2000), физика-математика фанлари доктори (1981), профессор (1987). ТошДУни тамомлаган (1968). У 2000 йилдан 2005 йилгача ва 2017 йилдан бери Фанлар академияси президенти бўлган.

Илмий ишлари юқори энергиялар физикаси, ядровий физика ва элементар зарралар физикасига оид. Йўлдошев раҳбарлигида Ядро физикаси институтида жаҳон стандартларига мос келувчи радиоизотопларни кенг кўламда ишлаб чиқариш ва четга сотиш ишлари йўлга қўйилган, маҳаллий тоғ-кон саноати чиқиндиларидан асл ва нодир металларни қўшимча равишда ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилган.

У «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» бош таҳрир ҳайъати аъзоси (2001 йилдан). Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1983). 2-чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган.

Тўрт йил давомида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)да илмий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Йўлдошев биринчи марта нейронлар (лептонлар) ва юқори энергияли адронларнинг ядролар билан ўзаро таъсирида кварк адронланишнинг ягона механизми мавжудлигини тажриба йўли билан исботлаган.

У яна:

  • Беруний номидаги Ўзбекистон ССР давлат мукофоти лауреати (1983);
  • Қозоғистон миллий фанлар академиясининг хорижий аъзоси;
  • Америка физика жамияти аъзоси, Индиана штат университети ва Кембриж университетлари аъзоси, Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори;
  • Амман шаҳридаги Ислом олами фанлар академияси аъзоси (Иордания);
  • Бирлашган ядровий тадқиқотлар институтининг фахрий доктори (2005);
  • «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган (2003 йил 22 август);
  • ESO халқаро мукофоти лауреати (2004);
  • «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (2011 йил 28 август);
  • «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони (2018 йил 28 август).

Шавкат Мирзиёев Беҳзод Йўлдошев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.