Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида турли сабабларга кўра Қозоғистонда қаровсиз қолиб кетган вояга етмаган болалар ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Қайд этилишича, «Қийин аҳволдаги болаларни қўллаб-қувватлаш маркази» ва Олмаота шаҳри таълим бошқармаси билан биргаликда 17 ёшли И.Р., 12 ёшли С.Р. ва 2 ёшли М.Н.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланган.

24 август куни бош консулхона дипломатлари вояга етмаган болаларни ватанга қайтариш ва яқин қариндошларига етказиш мақсадида уларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ходимига топширган.

Аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург, Москва, Новосибирск ва Қозон шаҳарларида қаровсиз қолиб кетган 31 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида ёзгандик.

Шу йилнинг апрель ойида ҳам ота-оналари бўлмаган ва ёрдамга муҳтож жами 17 нафар бола Россиядан Ўзбекистонга қайтарилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолаган.

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, болани чет давлатда назоратсиз қолдириш, худди шундай хатти-ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса ёхуд боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.