Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш — Ўзбекистоннинг давлат сиёсати, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев 27 август куни энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича йиғилишда.

Унда йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар муҳокама қилинди. Президентнинг июль ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу режани илмий асосланган ҳолда 2 баравар ошириб бажариш йўллари кўрсатиб ўтилган эди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.

Маълум қилинишича, Фарғона политехника институти олимлари томонидан Фарғона туманидаги электр истеъмоли ўрганилиб, 4,6 минг хонадон ва 233 та тадбиркорга хизмат қиладиган «Лоғон» подстанциясидаги йиллик йўқотиш 5 млн киловатт соатни ташкил қилиши аниқланган. Бу — табиий йўқотиш учун белгиланган меъёрдан 1,5 баравар кўп, дейилади хабарда.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур подстанциядан электр оладиган 113 та трансформатордаги юкламани тенг тақсимлаш орқали 765 минг киловатт соат йўқотишнинг олдини олиш мумкин. Энг муҳими, бунга харажат талаб қилинмайди. Туман электр корхонасида бошқарув тўғри йўлга қўйилса бўлди.

Таъкидланишича, сув насосларига хизмат кўрсатувчи 44 та трансформаторга реактив қувват батареялари ўрнатилса, йўқотиш йилига 1,1 млн киловатт соатга камаяди, харажат бир йилда ўзини оқлайди.

Умуман, Фарғона туманидаги 14 та подстанцияда 15,5 млн киловатт соат ёки йилига ўртача 6 млрд сўмлик ортиқча йўқотиш ҳисоб-китоб қилинган. Иш юқоридагидек омилкорлик билан ташкил қилинса, электрдан иқтисод қилиш режасини бажариш мумкин.

Ўзбекистон бўйича 1800 та шундай подстанция ва 100 мингга яқин трансформатор бор. Президент мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, энергияни тежаш бўйича кўрсатмалар берди.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев.Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев.

Қорақалпоғистонда газни тежаш бўйича «яхши натижа» бор, дейилади хабарда. Ҳозиргача 95 мингта хонадондаги эскирган «горелка» энергия тежамкорига алмаштирилгани ва иситиш тизими изоляция қилингани ҳисобига йилига 145 млн кубметр газ иқтисод бўлмоқда.

Яна 16 минг эҳтиёжманд оилага маҳаллий бюджет ҳисобидан шундай печлар қўйиб бериш бошланган. Бу орқали 20 млн кубметр газ иқтисод қилиниши, эҳтиёжманд аҳоли ихтиёрида 12 млрд сўм қолиши кутилмоқда.

Президент мамлакатдаги 1 млн хонадон иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифасини қўйди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистонда 2349 та йирик газ истеъмолчиси бор, лекин йирик истеъмолчиларнинг бор-йўғи 25 фоизида замонавий газ тежовчи ускуналар ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимликлари ва «Ўзэнергоинспекция» мана шундай масалалар билан шуғулланиши кераклигини таъкидлади. Аввалроқ инспекция Энергетика вазирлиги ҳузуридан Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилгани хабар қилинганди. Бу унинг имкониятларини ва иш самарадорлигини ошириши керак.

Масалан, Оҳангарондаги кафель ишлаб чиқарувчи корхона ўзидан чиққан иссиқликдан қайта фойдаланиш технологиясини жорий қилган. Электр энергиясининг энг йирик истеъмолчиларида ҳам шундай иш олиб борилиши керак, деди президент.

Жами электр истеъмолининг 10−11 фоизи сув хўжалиги корхоналарига тўғри келади. Шу боис келгуси 3 йилда сув хўжалиги иншоотларида электр истеъмолини камида 25 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланди.

газ, муқобил энергия, шавкат мирзиёев, электр, энергия тежаш, қайта тикланувчи энергия

Бу йил аҳолига 182 МВт, тадбиркорларга 791 МВт қувватли муқобил энергия ускуналари ўрнатиш режалаштирилган. Президент мутасаддиларни бу борадаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Умуман олганда, давлат раҳбари томонидан 8 млрд кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ва 4,05 млрд куб метр газ тежашга эришиш бўйича кўрсатмалар берилди», — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов.

Президент февраль ойида бўлиб ўтган йиғилишда энергетика вазири ва вилоятлар ҳокимларининг муқобил энергетика соҳасидаги 2024 йилги режаларидан норози бўлганди. Шавкат Мирзиёев 2−3 ойда 14 та қуёш ва шамол электр станциясини ишга туширишни тезлаштириш ва 2 та гидротўплаш станцияси лойиҳаларини ишга тушириш бўйича топшириқ берганди.