Президент 28 август куни аҳолидан электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тартибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабарига кўра, қонунчиликка истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига кадар қарздор жисмоний шахс энергия ресурслари тармоқларидан узилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ижро ҳужжатларига илова қилиниши керак экани ҳақидаги талаб киритилмоқда. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини қайтаради.

18 май куни Сенатда мазкур қонун муҳокамаси чоғида илгари бундай норма фақат юридик шахсларга нисбатан қўллангани таъкидланди. Сенатор Шуҳрат Чуллиев қарздор жисмоний шахслар қарзини ўз вақтида тўламаганида, давлат органлари томонидан ушбу тоифадаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш учун кўп вақт, куч ва маблағ сарфланишини қайд этди.

Хусусан, қонунчиликдаги ушбу «бўшлиқ» туфайли 7700 дан ортиқ истеъмолчи қарздорларни тармоқдан узиб қўйиш имкони бўлмагани маълум қилинди.

Сўнгра энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов электр энергиясини тижорий ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭТҲОАТ) жорий этиш бўйича ишлар 98,9 фоизга бажарилгани, газ бўйича эса 2024 йил охиригача якунланиши режалаштирилганини таъкидлади. Жисмоний шахсларга нисбатан янги талабнинг жорий этилиши энергия ресурсларини ўғирлашнинг олдини олишга ёрдам беради, деди у.

Ўзгартишларга кўра, электр ёки газ учун қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарори чиқариш тўғрисида судга ариза беришда қуйидагилар илова қилинади:

  • истеъмолчи билан тузилган шартнома;
  • пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узиш ҳақидаги огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни тўлаш тўғрисидаги талаб, шунингдек, унинг истеъмолчига юборилганини тасдиқловчи ҳужжат;
  • қарздорнинг тармоқдан узилганини тасдиқловчи ҳужжат.

Қарздор жисмоний шахслардан почта харажатларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланади.

Соддалаштирилган ижро ишини юритиш доирасида давлат ижрочиси суд ёки бошқа органнинг ижро ҳужжати қайси суд ҳужжатига ёки бошқа органнинг ҳужжатига асосан берилган бўлса, ўша суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжатига асосан бекор қилинганда ёхуд мазкур ижро ҳужжати бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, ижро ишини юритиш тугатилгани ҳақида хабардор қилиши керак. Илгари МИБ ижро иши юритишни бекор қилиш ёки тугатиш тўғрисидаги ишларни умумий тартибда топшириши керак эди.

Қонун суд ҳужжатларини ижро этиш тартибини соддалаштириш ва инсон омилини камайтириш, шунингдек, маиший истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун қарздорликни ундириш бўйича ҳужжатлар ижросини таъминлашни такомиллаштириши кутилмоқда.