Реклама қонунчилиги бузилиш юзасидан «Ипак йўли» акциядорлик инновация тижорат банкига нисбатан молиявий жарима қўлланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, банк томонидан эълон қилинган «Универсал» ва «Миллий» номли омонат турлари рекламасида «Универсал» омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 22 фоиз, «Миллий» омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоиз эканлиги ҳақида ахборотлар берилган.

Банкнинг расмий веб-сайтида «Универсал» омонат тури бўйича омонатга қўйилган маблағлар бўйича йилнинг дастлабки 6 ойи учун депозит ҳисобрақамлари ёпилиши муддатига қараб йиллик 14 фоиз ставка ва йилнинг кейинги 6 ойи учун 18 фоиз ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида маълумот кўрсатиб ўтилган.

Аммо қўмита ўрганишлар давомида юқорида келтириб ўтилган реклама воситаларида «Универсал» номли омонат тури ҳақидаги бошқа муҳим маълумотлар тўлиқ берилмаганлиги ҳолатини аниқлаган.

Юқоридагиларга кўра қўмита махсус комиссияси «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 16- ва 43-моддалари ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиш аломатлари юзасидан «Ипак йўли» банкига нисбатан иш қўзғатган.

Банкка белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди, шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ипотекабанк» хизматларни реклама қилишда «чалғитувчи», «номақбул» усулдан фойдаланган, деб топилганди. Банк ахборотда омонатнинг муҳим шартларини очиб бермаган ва шу сабабли у жаримага тортилиши белгиланган. Рақобат қўмитаси, шунингдек, AVO Bank`нинг сайти ва ижтимоий тармоқдаги реклама материалларида ҳам қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаганди.