Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги шифохоналардан бирида февралдан буён даволанаётган фуқаронинг Ўзбекистонга қайтишига ёрдам кўрсатилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, фуқаро И.И. 2024 йилнинг январь ойида оила аъзолари билан ушбу мамлакатга зиёрат қилиш учун келган.

Бироқ кейинчалик инсульт ташхиси билан Макка шаҳридаги Ибн Сино касалхонасига даволаниш учун ётқизилган.

Сўнгра унинг виза муддати тугаши ва мамлакатдан чиқиб кетишга тақиқ қўйилгани туфайли Ўзбекистонга қайтолмаган. Шу вақт давомида консулхона И.И.нинг оиласига зарур маслаҳат ёрдамини кўрсатган ва дипломатлар Саудия сайёҳлик компанияларидан бири билан биргаликда уни Ўзбекистонга қайтарилишида кўмаклашган.

Барча масалалар ҳал этилгач, 22 август куни беморнинг уйига парвози учун йўл ҳужжатлари расмийлаштирилиб, шифохонадан Жидда халқаро аэропортига зарур тиббий асбоб-ускуналар билан етказилиши таъминланган, дейилади хабарда.

23 август куни у ва унинг ўғли Ж.И. шифокор ҳамроҳлигида Тошкентга келган.