28 август куни Шавкат Мирзиёев XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди ва уларга давлат мукофотларини топширди. Учрашув чоғида президент Financial Times колумнисти Саймон Купернинг «Олимпия медаллари жадвали бизга нималар ҳақида ҳикоя қилади?» номли мақоласидан иқтибос келтирди.

«Жаҳонда нуфузли Financial Times нашрининг таъкидлашича, мана сизлар нимага қодир эканингиз мана шу ерда ёзилган, Олимпиа медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради. Мана бу ерда кўп нарса мужассам бўлиб, бу ютуқларингиз нафақат спорт, ҳамма соҳа эгаларини катта-катта марралар олишга мажбур этяпти. Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини янади ифода этаётган ёрқин натижадир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биз Саймон Купернинг мазкур мақоласи таржимасини ҳавола этамиз.

Олимпия медаллари жадвали бизга нималар ҳақида ҳикоя қилади?

Ғолиб мамлакатлар рўйхати шунчаки спортдаги муваффақиятлар бўйича қўлланмадан кўра кўпроқ нарсани англатади.

Шу тунларнинг бирида мен Париждаги Олимпия ўйинларининг аёллар тенниси бўйича баҳсида хорватиялик ва украиналик спортчи ўртасидаги ўйинни томоша қилдим. Ўйин қизиб турган маҳалда мухлислар бирдан «Леон!» дея ҳайқира бошлади ва бу узоқ давом этди. Айни вақтда шуни деб хорватиялик теннисчи ҳатто тўпни узатмай туришига тўғри келди. Кўпгина франциялик томошабинлар телефонлари орқали сузиш бўйича баҳсларни томоша қилиш учун кўз ўнгида ўтказилаётган теннис баҳсларига бир муддат эътибор бермай қўйди. Улар яна битта олтин медаль ютган франциялик сузувчи Леон Маршанни олқишларди.

Олимпиада медаллари спортнинг ўзидан кўра қизиқарлироқ бўлиши мумкин. Чоршанба тонгига кўра, Франция Париж ўйинларида 48 та медални қўлга киритган эди. Бу мезбон мамлакат коллектив муваффақият туйғуси билан тўлишига ёрдам берди, мен 2002 йилда бу ерга кўчиб келганимдан бери бунақасини кўрмагандим. Ва французлар қайсидир маънода ҳақ. Олимпиада медаллари, одатда, жамият спортдан ташқари ҳам муҳим ишларни тўғри бажараётганидан далолат беради.

Бунинг сабабини тушуниш учун медаллар жадвалининг юқори қисмини диққат билан қараб чиқинг. Бу сафар у ерда узоқ муддатдан бери мавжуд бўлиб келган бир жамоа етишмаяпти: Украинага бостириб кириши ортидан мусобақалардан четлатилган Россия (мусобақада 15 нафар россиялик спортчи қатнашмоқда, лекин миллий байроқ остида эмас). Эслатиб ўтаман, Россия аввалги ўйинлардан ҳам «оммавий допинг» дастури туфайли четлаштирилганди.

Шу билан АҚШ биринчи, Хитой эса иккинчи ўринда (1,4 млрд аҳоли, ўсиб бораётган бойлик ва ғарблик танқидчилар фикрича, сузувчиларининг назорат қилиб бўлмас даражада допинги истеъмоли билан). Эътиборга молик факт: медаллар жадвалидаги кейинги 14 та давлатнинг барчаси юқори даромадли демократик давлатлардир [Ўзбекистон мақола ёзилаётган вақтда қуйироқ поғонада жойлашган эди ва юқори даромадли мамлакатлар сафига кирмайди — таҳририят изоҳи]. Иккинчи бўлиб санаб ўтган мамлакатларимнинг муваффақияти сабаби географик эмас: улар Канада, Руминиядан то Австралия, Жанубий Кореягача чўзилади. Олимпия ўйинларида бутун дунё рақобатлашаётган бўлса-да, маълум бир тоифадаги мамлакатлар ҳукмронлик қилади.

Ўтган сафарги қишки Олимпия ўйинлари медаллари жадвали ҳам худди шундай таркибга эга: кучли саккизликка еттита юқори даромадли демократик давлатлар ва Хитой киради. Иқтисодчи Стефан Шимайски ва мен «Soccernomics» деб аталган китобимиз учун Олимпия ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақалар асосида спорт ютуқлари жадвалини тузганимизда биз аҳоли жон бошига дунёдаги энг яхши спорт мамлакати бой ва демократик Норвегия эканини аниқлагандик.

Албатта, ҳеч шубҳасиз, мамлакат спортчилари ютуқларининг ҳар қандай рейтинги миллий бойлик ва, аниқроғи, инсон тараққиёти билан юқори даражада боғлиқ бўлади. БМТнинг Инсон тараққиёти индекси барча мамлакатларни уларнинг фаровонлигига қараб рейтинг бериш учун ўртача умр кўриш давомийлиги, таълим ва турмуш даражаси каби кўрсаткичларни ўлчайди. БМТ рейтингидаги энг яхши 10 давлатдан Норвегия, Швеция ва Швейцария ўтган қишки Олимпия ўйинларида ҳам кучли 10 таликка кирган; Австралия ва Германия бу ёзги медаллар жадвалининг кучли 10 талигида; Ирландия эса 12-ўринда, Гонконг 21-ўринда кетмоқда. Бу мамлакатларнинг аксарияти аҳоли сони камлигига қарамай, шундай натижага эришган. Беш миллион аҳолига эга Ирландияда чоршанба кунгача аллақачон тўртта олтин бор эди — бу бутун Африкани бирлаштиргандаги натижага тенг.

Буни қандай тушунтириш мумкин? Бой демократик давлатлар, айниқса, социал-демократик давлатлар ўз аҳолисига ғамхўрлик қилишда ҳам яхши ҳисобланади. Бу барча даромад даражасидаги одамларга спорт билан шуғулланиш имкониятини беришни ўз ичига олади. Масалан, Норвегиянинг энг чекка нуқталарида ҳам, одатда, бир бурчакда ҳар қандай об-ҳаво шароитида спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган майдончаси мавжуд. Одатда кийиниш хоналари иссиқ, мураббийларнинг дипломлари бор, болалар эса ҳамёнбоп нархда машғулот ўтказиб, ўйнашлари мумкин. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Норвегия аҳолисининг 84 фоизи 2019 йилда ҳафтасига камида бир марта спорт, фитнес ёки кўнгилочар жисмоний машқлар билан шуғулланган, бу шундоқ ҳам спорт билан кўп шуғулланиладиган Европадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Спортдаги миллий муваффақият одатда кенгроқ маънодаги кучли томонларни акс эттиради. Кўпгина демократик давлатлар сингари ҳамма учун спорт майдончалари ва мураббийларни таъминлай олган мамлакат ҳамма учун соғлиқни сақлаш тизими ва мактабларни таъминлашда ҳам яхши бўлади. Бой ва демократик бўлиш, яхши маълумотли ва спортда яхши бўлиш, умуман олганда, бир нарсанинг [умумий] бўлаклари ҳисобланади. Бой мамлакатлардаги аксарият одамлар спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади ва улардан бир нечтаси охир-оқибат Олимпия медалларини қўлга киритади.

Камбағалроқ мамлакатларда камроқ одамлар бундай имкониятга эга бўладилар. Соҳил бўйида ўзининг футбол бўйича маҳоратини ошираётган бразилиялик болакайлар ҳақидаги доим айтиладиган гапларни унутинг. Булар истиснолар ҳисобланади. Дунёдаги кўплаб камбағал инсонларнинг Олимпия ўйинларидаги салоҳияти туғилишдан олдин озиқ-овқат етишмаслиги туфайлиёқ йўққа чиққан. Шунингдек, Бразилия, Ҳиндистон ёки Африканинг катта шаҳарларини айланиб, ўйин майдонларини қидириб кўринг. Ҳукуматдагилар камдан-кам ҳолларда бундай имкониятни яратади. Кения, Эфиопия ва Ямайка каби Париж ўйинларида энг муваффақиятли бўлиб турган камбағал давлатлар асосан муваффақият қозониш учун энг кам харажат талаб қилувчи спорт турлари — бир нечта югуриш мусобақаларидагина медаллар учун курашадилар. Хитой иқтисодиёти юксалишидан олдин камтарона натижалар қайд этиб келгани ва ўшандан бери Олимпия медаллари жадвалида кўтарилиб келаётгани бежиз эмас.

Қисқаси, Маршанни олқишлаган ўша француз мухлислари ҳам каттароқ нарсани олқишлашди. У ғолиб жамиятда сузмоқда.