2028 йилда Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик Париждаги ўйинлар натижаларидан керакли хулосалар ва сабоқларни чиқарган ҳолда «ҳозирдан бошланиши керак». Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни 2024 йилги Олимпиада ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда айтиб ўтди.

Париждаги Олимпиада Ўзбекистон учун мамлакат мустақил тараққиёти тарихидаги энг муваффақиятлиси бўлди. Республика жами 13 та медаль (8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза) билан умумий медаллар ҳисобида 206 та давлат орасида 13-ўрин, Марказий Осиёда 1-ўрин, МДҲда 1-ўрин, Осиёда 4-ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари спортнинг деярли барча турлари бўйича миллий терма жамоа учун тарихий натижалар қайд этилганини билдирди.

олимпиада 2024, олимпиада 2028, шавкат мирзиёев

«Спортчиларимизнинг улкан ғалабалари нафақат халқимизни, балки бутун минтақамизни руҳлантириб юборди», дея президент матбуот котиби Шерзод Асадов иқтибос келтирди. «Бундай ютуқлар халқларимизни бирдамликка, ҳар қандай шароитда ҳам елкама-елка туришга чорлагани қалбимизни фахру ғурурга тўлдирди», — деди президент.

«Газета.uz» ёзганидек, ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлининг Олимпиада финалига чиқишига ёрдам берди. Шавкат Мирзиёев бу «минтақадаги дўстона муносабатнинг ёрқин намунаси бўлганини» таъкидлади.

«Аҳил қўшничилик тамойилларига қурилган сиёсатимиз бугун халқларимиз юрагига кўчганини кўриш албатта қувончлидир», — деди давлат раҳбари.

Париждаги ўйинлар натижаларини таҳлил қилиб, 2028 йилги Олимпиадага тайёргарлик «ҳозирдан бошланиши керак», деди у.

Шавкат Мирзиёев сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича Ўзбекистонда спорт федерациялари, мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриш учун қулай база, иқтидорли спортчилар мавжудлигини таъкидлади.

Бироқ мамлакатда чим устида ҳоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўплиги қайд этилди.

«Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўради», — деди у.

Бунга эришиш учун «спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар» қабул қилинади. Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.

Олимпия шаҳарчасида илғор хорижий тажриба асосида мусобақалар ва машғулотлар ўтказишнинг алоҳида тизими яратилади.

Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.

олимпиада 2024, олимпиада 2028, шавкат мирзиёев

Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги иқтидор эгаларини аниқлаш, уларни мақсадли саралаш асосида халқаро турнирларга тайёрлаш бўйича махсус дастур жорий этиш топширилди.

«Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон — Олимпиада ўйинларида нафақат курашчи-паҳлавонлар юрти, балки чавандоз ва югурувчилар, мерган ва қиличбозлар, гимнаст ва сузувчилар, футболчи ва теннисчилар, марафончи ва велоспортчилар мамлакати сифатида ҳам муносиб иштирок этиши керак», — дея таъкидлади президент.

Бунинг учун мамлакатдаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди.

Ҳукуматга спорт федерациялари раҳбарлари билан биргаликда ҳар томонлама асосланган таклифларини киритиш топширилди.

Президент оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас қисмига айланиши кераклигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг навбатдаги Олимпиададаги бош мақсади кучли 10 ликка кириш бўлиши кераклигини айтди.

Аввалги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон қуйидаги натижаларга эришган эди:

  • Париж-2024 — 13 та медаль билан 13-ўрин (8−2−3);
  • Токио-2020 — 5 та медаль билан 32-ўрин (3−0−2);
  • Рио-2016 — 13 та медаль билан 21-ўрин (4−2−7);
  • Лондон-2012 — 4 та медаль билан 48-ўрин (1−0−3);
  • Пекин-2008 — 6 та медаль билан 40-ўрин (1−2−3);
  • Афина-2004 — 5 та медаль билан 34-ўрин (2−1−2);
  • Сидней-2000 — 4 та медаль билан 43-ўрин (1−1−2);
  • Атланта-1996 — 2 та медаль билан 58-ўрин (0−1−1).

Эслатиб ўтамиз, Олимпиада ғолиб ва совриндорларига давлат мукофотларидан ташқари 50 дан 200 минг долларгача бўлган пул мукофотлари, Tahoe ва BYD Song Plus автомобиллари, шунингдек, икки қаватли коттеж ва хонадонлар топширилди.