26 август куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ҳимоя ордери бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар берди Norma.uz.

Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордерини ЯИДХП орқали бериш;
  • ҳимоя ордерини электрон шаклда бериш;
  • ҳимоя ордерини бериш жараёнини автоматлаштириш;
  • ҳимоя ордерини профилактика инспектори томонидан ташаббус тартибида бериш.

Ҳужжатда ҳимоя ордери профилактика инспектори томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларнинг юзага келиш хавфи аниқланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида берилиши белгиланган. Бунда ЯИДХП орқали ҳимоя ордерини расмийлаштириш ва бериш бепул амалга оширилади.

1 декабрдан бошлаб бир календарь йили давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати аниқланганда, ҳимоя ордери профилактика инспектори томонидан унинг ташаббуси билан берилади.