28 август куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 2022 йил декабрь ойида ушбу лавозимга тайинланганидан кейинги илк матбуот анжуманини ўтказди.

Журналистларни қизиқтирган саволлардан бири: ўқитувчиларнинг маоши қачон аввал эълон қилинган 1000 АҚШ долларига етиши бўлди, деб ёзади «Газета.uz» мухбири.

«Ўқитувчилар ойлиги ошиши биз учун ҳам жуда муҳим. Ва бу бўйича ҳозирда [Иқтисодиёт ва] молия вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз», — деди вазир.

Бугунги кунда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 3,4 миллион сўмни ташкил этади, кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 13,3 фоизга кўпайган.

Унинг сўзларига кўра, маошлардаги фарқлар, жумладан, ўқитувчиларнинг малака даражасига боғлиқ (19 июнь куни президент билан бўлиб ўтган йиғилишда олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг маошларини ошириш таклиф қилинган эди).

«Ҳозир алоҳида иш олиб бориляпти. Лекин бир нарсани айтишим керак, 1000 доллардан ошиқ олаётган ўқитувчиларимиз ҳам бор… Ҳар бир соҳанинг KPI’лари (асосий фаолият кўрсаткичлари — таҳр.) бор. Яъни бизда ҳам, мана, мактабгача таълим тизимида, умуман, устозларимизга бир нечта йўналишлар қўйилган. Мисол, агар тоифаси юқори бўлса, қўшимча ойлик қўшилади… Олимпиадага ўқувчи чиқарган бўлса, бунга ҳам устама. Мана ҳозир сертификатлаш [тил ва бошқалар] учун ҳам маблағлар ажратилган», — дейди Ҳилола Умарова.

2022 йилдан буён мактаб ва мактабгача таълим вазирининг жамғармаси фаолият кўрсатади, ундан саралаш тестларида энг юқори балл тўплаган ўқитувчиларга ҳар ой 5,7 миллион сўм миқдорида мукофот пули тўланади. Чекка ҳудудларда ишлашга рози бўлган ўқитувчиларга эса 3,7 миллион сўмлик иш ҳақи тўланади.

Ҳилола Умарованинг маълум қилишича, бугунги кунда қарийб 545 минг нафар ўқитувчининг 6 минг нафардан ортиғи (1,1 фоизи) 1000 доллардан ортиқ маош олмоқда ва бу рақам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

2023 йил август ойида Ўзбекистонда 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош олувчи ўқитувчилар сони 23 минг кишини (умумий ўқитувчилар сонининг 4,3 фоизи), 10 миллион сўмдан ортиқ оладиганлари — 1000 нафардан ортиқни (0,18 фоиз) ташкил этиши маълум қилинган эди.

Илгари мамлакатдаги 500 та мактабда мезонга асосланган (100 баллик) баҳолаш тизими жорий этилганди. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу тизимга ўтган мактаб ўқитувчилари ҳам устама олиши мумкин бўлади.

«Йилдан-йилга бундай рағбатлар [кўпаймоқда], қўшимча KPI’лар десак ҳам бўлади, яъни устозларимизга имкон бериляпти ойлик маошлари кўтарилишида», — деди у.

Вазир ўринбосари Темуржон Комиловнинг айтишича, айни дамда барча ўқитувчиларга бирдек 1000 доллар беришнинг имкони йўқ.

Керакли малака ва педагогик маҳоратга эга бўлган ўқитувчилар учун қўшимча рағбатлантирувчи тўловлар олиш имконияти яратилди. Малакали ўқитувчиларни рағбатлантиришнинг янги механизмлари ҳам ишлаб чиқилмоқда, деди у.

Унга кўра, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг жорий йилги бюджети 46,6 триллион сўм бўлиб, унинг 84,7 фоизи ёки 36 триллион сўми (ойига 3 триллион сўм) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ҳиссасига тўғри келади. Уларни 545 минг ўқитувчи ва 200 минг нафар педагог қабул қилади.

«Битта нарсани инобатга олайлик, аччиқ бўлса ҳам, балки кўпчиликка ёқмаса ҳам, педагогларга. 434 минг педагогик ставкага 547 минг педагог ишлаб келмоқда, буниси ҳам бор. Бунинг орасида ўрта махсуслар ҳам ишлаб келяпти, нафақада бўлганлар ҳам ишлаб келяпти… Ҳамма бирдек 1000 доллар олади, деган нарса бу — утопия. Битта ўқитувчининг ойлигини 1 миллион [сўм]га бир ойга оширадиган бўлсак, бир йилга 7 триллион сўмдан (тахминан 553 миллион доллар — таҳр.) зиёд маблағ дегани», — деди у.

2024 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, таълим соҳасида ўртача иш ҳақи деярли 3,5 миллион сўмга етди, бу эса республика бўйича ўртача иш ҳақидан (5,09 миллион сўм) сезиларли даражада паст. Соғлиқни сақлаш билан бирга, бу икки соҳа иш ҳақи бўйича охирги ўринни эгаллайди ва бир неча йиллардан бери бошқа соҳаларга қараганда секинроқ ўсмоқда. «Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва турли шароитлардаги ўқитувчиларнинг меҳнат фаолияти ҳақида ёзганди.

12 август куни Шавкат Мирзиёев 1 октябрдан бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақини 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақини 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

2020 йил ноябрь ойида президент ўқитувчилар ва шифокорлар билан бўлиб ўтган учрашувда уларнинг маошларини ошириш режасини маълум қилган эди. «Ўқитувчи 1000 доллар олмагунча ишга келмаслиги керак. Шифокор билан ҳам худди шундай. Агар шифокор 1000 доллар олмаса, эртага болалари, невараларини қандай овқатлантиради?» — деганди давлат раҳбари. У «Биз буни қила оламизми?» деб сўраган ва «Қила оламиз», деб жавоб берганди. Кейинчалик ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларгача ошириш режалари яна бир неча бор айтилди.