Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Ёқуббоев БААдаги 2024 Abu Dhabi Chess Festival’s Masters очиқ турнирида биринчи ўринни эгаллаб, 30 минг доллар мукофот пулини қўлга киритди, деб ёзди chess.com.

30-Абу-Даби шахмат фестивали 14−25 август кунлари бўлиб ўтди ва партия учун вақт назорати биринчи юришдан бошлаб ҳар бири учун 30 сония қўшилиши билан 90 дақиқани ташкил этди. Соврин жамғармаси — 63,6 минг доллар. Дастурда нафақат Masters турнири, балки турли ёш тоифаларидаги болалар турнирлари, шунингдек, фахрийлар, давлат хизматчилари ва элчихона ходимлари ўртасидаги турнирлар ҳам ўрин олди.

Асосий турнир — тўққиз турдан иборат Швейцария турнирида 217 нафар иштирокчи, жумладан, 50 нафар гроссмейстер иштирок этди. Ёқуббоев Давид Паравян, ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов, Амин Табатабай, Леон Мендонка ва Даниэль Кизон билан бирга 7/9 очко жамғарди, аммо қўшимча кўрсаткичларда улардан устун келди.

abu dhabi chess festival, афруза ҳамдамова, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат

Бухгольц коэффициентига кўра (рақиблар тўплаган очколар йиғиндиси улар билан ўйинлардаги натижага кўпайтирилади), ўзбекистонлик Паравянни бор-йўғи ярим очкога ортда қолдирди, лекин 20 минг доллар кўпроқ мукофот пули ишлаб олди, чунки биринчи мукофот Горт тизимига кўра бўлинмади.

abu dhabi chess festival, афруза ҳамдамова, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат

Ёқуббоев учта бошланғич раундда рейтинги 2500 Элодан паст бўлган уч нафар шахматчини мағлуб этди, рейтинги 2600 Элодан паст бўлган учта шахматчига қарши 2,5/3 балл ишлади ва рейтинги 2600 Элодан юқори бўлган шахматчилар билан учта дуранг ўйнади, деб ёзади шахмат портали.

Якунда учинчи ўринни эгаллаган яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов (суратда ўнгда) турнир ғолиблигига яқин эди. У Паравян билан ўйиннинг бошида пиёда ютиб олди ва ҳал қилувчи устунлик билан тўра эндшпилига ўтди, аммо уни реализация қила олмади. У 7050 доллар мукофот пули олди.

abu dhabi chess festival, афруза ҳамдамова, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат

Ўзбекистон шахмат федерациясининг маълум қилишича, Open B гуруҳида Худоёр Мараимов 9 турда бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, 8 очко жамғарган ҳолда ғолиб бўлди.

Ladies гуруҳида 7 турда 6,5 очко жамғарган Афруза Ҳамдамова биринчи ўринни эгаллади. У, шунингдек, аёллар халқаро мастери (WIM) унвонини олди, Афруза бу йил атиги 15 ёшга тўлади.

Families гуруҳида Ёқуббоев жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Schools G7 гуруҳида ўзбекистонлик Асмина Абдулазизова учинчи ўринни эгаллади.

Schools G15 гуруҳида 7 турда 5,5 балл тўплаган Мумтозбегим Мансурова кумуш медални қўлга киритди.