Қозоғистон Ўзбекистон энергетика инфратузилмаси орқали Тожикистондан электр энергияси импорт қилишни режалаштирмоқда, деб хабар қилди Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

2023 йилда Қозоғистон ва Тожикистон 2023−2032 йилларда Роғун ГЭСидан электр энергияси етказиб беришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаган.

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Тожикистон бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ва Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Манучеҳр Сафарзода билан музокаралар ўтказди. Томонлар Қозоғистонга электр энергиясини экспорт қилишнинг эҳтимолий техник параметрлари ва тижорат шартларини кўриб чиқмоқда.

Электр энергиясини етказиб беришда техник имкониятларнинг мавжудлиги ва Ўзбекистон электр тармоқлари орқали келишилган транзит режимлари ҳисобга олинади.

Томонлар 2024 йил 15 октябргача Марказий Осиё давлатларининг манфаатдор ташкилотлари билан қўшни давлатлар энергетика тизимлари ўртасида режадан ташқари электр энергияси оқимларини тартибга солиш бўйича келишувлар тузиш имкониятларини ўрганишга келишиб олди.

Январь ойида Алмасадам Саткалиев Қозоғистонда 2023 йилда электр энергияси истеъмоли аввалги йилги 112,9 миллиард кВт/соатдан 115 миллиардга ошгани, ишлаб чиқариш эса 112,8 миллиард кВт/соатни ташкил этгани ҳақида хабар берган эди. Қозоғистон анъанавий равишда электр энергияси танқислигини Россиядан импорт ҳисобига қоплайди. Аввалроқ «Курсив» Россиянинг «Интер РАО» компанияси 2024 йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонга 1,6 миллиард кВт/соат электр энергияси экспорт қилганини ёзган эди. Худди шу компания Ўзбекистонга ҳам электр энергияси етказиб бериш ниятида.

2018 йилда Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиш имкониятини кўриб чиққанди, бироқ якуний қарор қабул қилинмаган. 2022 йилда ҳукумат ёзда Роғун ГЭСидан электр энергияси сотиб олиш ниятини ҳам билдирганди.

Роғун ГЭС ҳақида

Роғун ГЭС тўғонининг қурилиши 2016 йил октябрь ойида Вахш дарёси бўйида жойлашган Роғун шаҳрида бошланганди. Маросимда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этган. 335 метр баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тош тўғони ҳисобланади.

Вахш дарёсидаги станциялар каскадида жойлашган Роғун ГЭС ҳар бири 600 МВт қувватга эга 6 та блокдан иборат. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард кВт/соатдан юқори) бўлган Роғун ГЭС минтақадаги энг йирик гидроэлектрстанция ҳисобланади.

Биринчи ГЭС агрегати Тожикистон президенти томонидан 2018 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган эди. Маросимда бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг юқори мартабали вакиллари иштирок этган. Биринчи блок ишга туширилгач, ГЭС мамлакат умумий энергетика тизимига уланди.

Иккинчи блок 2019 йил сентябрь ойида ишга туширилган. Мамлакат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимда президент Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон мамлакат раҳбарияти ўзгаришидан олдин Роғун ГЭСи қурилишига қарши бўлиб, сейсмиклиги юқори бўлган тоғли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган ва лойиҳани қайта кўриб чиқишга чақириб, кичик ва ўрта ГЭСлар қурилишини афзал кўрган.

2016 йилдан бери Тожикистон олти турбинанинг дастлабки иккитасини (учинчи турбина 2025 йилда ишга туширилиши кутилмоқда) молиялаштириш учун 3 миллиард доллар сарфлади. 2023 йилда Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭС қурилиши учун 2,5 миллиард сомоний (236 миллион доллар, ЯИМнинг 2 фоизи) маблағ ажратган, Standard & Poor’s Global Ratings рейтинг агентлиги 2035 йилда лойиҳа якунлангунга қадар харажатлар шу даражада қолишини кутмоқда. Роғун ГЭСи аллақачон умумий қувватнинг 10−15 фоизини ташкил этадиган электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

Кутилмаларга кўра, 2024−2035 йилларда ушбу электр энергиясини сотишдан тушадиган даромад 1,1 миллиард долларни ташкил этади ва қолган турбиналарни қуриш ва мавжудларининг ишлашини таъминлашга сармоя киритилади.

Роғун ГЭС қурилишини якунлашнинг қолган қиймати 6,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу кўрсаткич 2008 йилда тузилган дастлабки лойиҳа ҳисоб-китобларидан қарийб 2,2 баробар кўп.

Тожикистон ҳукумати барча зарур қурилиш харажатларининг тахминан 50 фоизини қоплашга молиялаштиришни жалб қилиш учун халқаро ва икки томонлама кредиторлар консорциуми билан фаол музокаралар олиб бормоқда. Қолган маблағлар давлат бюджети ва ГЭСнинг қуриб битказилган қисмини ишлатишдан олинган даромадлар ҳисобидан йўналтирилади.

«Дастлабки ташқи молиялаштириш пакетига 1,73 миллиард доллар ярим имтиёзли кредитлар, 850 миллион доллар грантлар ва 390 миллион доллар имтиёзли кредитлар киради», — дейилади агентлик хабарида. Бу маблағлар Қозоғистон ва Ўзбекистон билан 2024−2025 йилларда электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномалар имзолангандан сўнг қўлга киритилади.

Қурилиш ишлари якунлангач, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 60 фоизга яқини Марказий Осиёга экспорт қилиниши кутилмоқда.