Ўзбекистонда ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлар жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳақда 27 август куни президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди.

Қайд этилишича, эндиликда шахс ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Аввал бундай норма мавжуд бўлмаган.

«Ушбу қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласи холларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади», — дейилади ҳужжатда.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ўқотар қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.