Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкентда Мустақиллий байрами арафасида фойдаланишга топширилаётган иншоотлар билан танишди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари 2021 йилда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг эски биносини бориб кўрган, соҳада шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Кўп ўтмай, «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Қайд этилишича, бу орқали Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази алоҳида муассаса сифатида ажратилди. Онкологик шифохоналар учун қўшимча 22 та нур терапияси ускунаси олиб келинди. Кимё терапияси воситаларига ажратилаётган маблағ 11 баробар оширилиб, 13 миллион долларга етди. 250 га яқин янги текшириш ва даволаш усуллари вилоят ва туман даражасига туширилди.

Президент қарорида Республика онкология маркази учун янги мажмуа қурилиши ҳам белгиланган эди. Унинг лойиҳаси Жанубий Кореянинг шу соҳадаги клиникалари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. Уч йил давомида пухта иш олиб борилиб, Тошкент тиббиёт академияси ёнидаги 5 гектардан зиёд майдонда замонавий шифохона қурилди.

Янги мажмуа 9 та иншоотдан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. Уларда шифокор ва беморлар учун керакли шароитлар инобатга олинган. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўринлар ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин. Президент марказдаги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.

«Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор беаяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, „нолдан“ қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Эндиги асосий вазифа — ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш», — деди Шавкат Мирзиёев.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган. Улар жаҳон тиббиётида қўлланаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди.

Масалан, Siemens компаниясининг Magnetom Altea русумли магнитли томографи сунъий интелектдан фойдаланиб, иш жараёнини автоматлаштиради. Fuji компаниясининг Senaria компьютер томографи кам дозали нурланиш ва юқори сифатли тасвир билан бехато ташхис қўяди. Шунингдек, 128 ва 256 ўлчамли мультиспирал томографлар жуда юпқа кесимларда энг кичик ўсмаларни ҳам аниқлаш имконини беради. Булар аввал қўлланилганидан 8−16 баробар кучли.

Таъкидланишича, бундай техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди. Мамлакат бўйлаб яна 1 минг 200 нафар онколог чет элда ўқитилади.

Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик амалиётлар ўтказиш имконияти бор. Жумладан, жуда долзарб бўлган суяк кўмиги трансплантацияси йўлга қўйилади. Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. «Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3−5 кунда уйига қайтиши мумкин», — дейилади хабарда.

Интенсив терапия бўлимида ҳар бир ётоқ ўрни юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқа замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Нур билан даволаш учун илк бор ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилмоқда. У 9 та бункердан иборат бўлиб, бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқаларига ўтказилиши натижасида муолажа узлуксизлиги таъминланади. Чизиқли тезлаткичларда нур билан даволашнинг VMAT, SMAT каби янги усуллари татбиқ қилинади.

Амбулатор кимё терапия 72 нафар беморга мўлжалланган. Янги инфузомат ускуналари олиб келингани натижасида бу даво осонлашади ва тезлашади.

Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

«Энг асосий топшириқ — рақамлаштириш. Одамлар сарсон бўлмасин, навбатда туриб қийналмасин. Бу марказ фақат Тошкент учун эмас, уни ҳудудлардаги 15 та шифохона билан шундай боғлаш керакки, беморлар ўзининг келиш вақтини, докторини олдиндан билсин. Бунинг учун сунъий интеллектни кенгайтириб, инсон омилини камайтириш керак», — деди у.

Марказ ўзининг ҳудудлардаги филиаллари билан ягона электрон платформага уланади ва республикада «канцер-регистр» тизими ишга туширилади. Бунинг натижасида назоратда турган барча онкологик беморлар ҳақидаги маълумотлар яхлит кўриниб туради.

Шу ерда Dmed ягона тиббиёт тизими ҳақида ҳам ахборот берилди. У шу йил якунигача Тошкентда тўлиқ ишга туширилади. Кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Онкология марказида илм ва амалиёт уйғунлигига катта эътибор қаратилади, таъкидлади президент матбуот хизмати. Позитрон эмиссион ва ягона фотонли эмиссион компьютер томографиясини қўллаш бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Ўсмаларнинг молекуляр-генетик диагностикаси асосида тадқиқотлар олиб борилиб, персоналлаштирилган таргет ва иммунотерапия даво усуллари клиник амалиётга татбиқ этилади.

онкология, республика онкология маркази, шавкат мирзиёев

Умуман, янги ускуналар ва шароитлар натижасида марказда ўсма касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш самарадорлиги бир неча баробар ошади. Бу ўлим ҳолатларини камайтириш, инсонларни соғайтириб, умрини узайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу тиббиёт туризмига ҳам манба бўлиши кўзда тутилган.