Президент Шавкат Мирзиёев 28 август куни саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд этилишича, 7 ойда саноат ҳажми 7,1 фоизга ўсиб, 435 трлн сўмга етди. Электр техникаси, тўқимачилик (12,3 фоиз), чарм (12 фоиз) ва автомобиль саноатида (енгил автомобиллар 5,5 фоиз) юқори ўсиш бўлди.

Жойларда 1,3 мингта янги қувватлар ишга туширилиб, қўшимча 40 трлн сўмлик ишлаб чиқариш манбаси яратилди.

Лекин ҳамма ҳудуд ва тармоқда ҳам ишлар бирдек эмас. Хусусан, 4 та туманда саноат ҳажми ўтган йилгига нисбатан камайган, 14 тасида эса ўсиш 2 фоизга ҳам етмайди, дейилади хабарда.

жамшид қўчқоров, корхоналар, саноат, шавкат мирзиёев

Шу боис жойларда саноат билан «корхонабай» ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров шу борада бошланган ишлар ва йил якунигача мўлжалланган режалар бўйича ахборот берди.

Таъкидланишича, бугунги кунга қадар ҳудудлардаги 112 мингта корхона ўрганилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилмоқда. Хусусан, айланма маблағ, электр ва газ таъминоти, солиқ масалалари бўйича кўмаклашилган. Йил якунигача 30 трлн сўмлик қўшимча ишлаб чиқаришни таъминлаш имконияти бор.

Президент бунинг учун ишчилар сонидан келиб чиқиб, корхоналарга масъулларни бириктириш, тадбиркорларни замонавий ёндашувларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳар бир вилоятнинг саноатга ихтисослашган туманлари бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Йиғилишда йирик лойиҳаларни ишга тушириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

жамшид қўчқоров, корхоналар, саноат, шавкат мирзиёев

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафоев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президентнинг 15 августдаги «Ҳудудларда саноат салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида туман ва вилоятлардаги саноат корхоналари билан аниқ мақсадли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Шу мақсадда туман ва шаҳарларда ҳокимнинг биринчи ўринбосари бошчилигида солиқ ва статистика органлари, банклар ва иқтисодий инфратузилма корхоналари раҳбарларидан иборат ҳудудий штаблар ҳамда ҳудудий штаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Хуршед Мустафоев бошчилигида Республика штаби ташкил этилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодий масалалар ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосарлари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига ҳудудий штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш, корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг муаммоларини зудлик билан ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича шахсий жавобгарлик юкланади.

Шундан келиб чиқиб, туман ва шаҳарлардаги саноат корхоналари билан ишлашнинг «республика — вилоят — туман» тамойили бўйича тизим йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан Қорақалпоғистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари таркибида 5 штат бирлигидан иборат Саноатни ривожлантириш бўйича жамланма бошқармалари ташкил этилади.

Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимларида саноатни ривожлантириш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, вазирликлар (109) ва ҳокимликлар (169) штат бирликларини қисқартириш ҳисобига янги штат бирликлари ажратилмоқда.