Туркияда 2020 йилдан бери тутқунликда ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароси қутқарилди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси.

Маълум қилинишича, бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва ватанга қайтаришда ёрдам сўраган мурожаати келиб тушган.

Олиб борилган текширишлар натижасида 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида экани, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилгани аниқланди.

2024 йилнинг 27 август куни бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, «Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилган.

Натижада ўзбекистонлик аёл ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилган.

Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлагани учун М.Г.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Х.Д.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар бошланган.