Япониянинг жануби-ғарбий қисмига «Шаньшань» тайфуни ёпирилиб, электр тармоқларини ишдан чиқарди, авиақатновларни қийинлаштирди ва йирик заводлар ёпилишга сабабчи бўлди, деб ёзмоқда Reuters.

Мамлакат расмийларининг сўзларига кўра, минтақада қайд этилган энг кучли бўронлардан бири бўлиши мумкин бўлган ҳодиса туфайли камида уч киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар жароҳат олди.

Автомобиль ишлаб чиқарувчи Toyota барча ички заводларда, Nissan, Honda, шунингдек, Renesas ва Tokyo Electron каби чип ишлаб чиқарувчилар айрим заводларда ишни тўхтатди.

«Мен 31 йиллик умрим давомида бундай кучли шамол ёки торнадони ҳеч қачон кўрмаганман», — деди Кюсю оролидаги Миязаки шаҳрида яшовчи аҳоли вакилларидан бири Reuters агентлигига.

Миллий метеорология агентлиги маълумотларига кўра, табиий офат ҳудудида шамол тезлиги соатига 180 километрга етган. Япониянинг еттита префектурасида 230 мингга яқин хонадон электр энергиясисиз қолди. Синоптиклар кейинги бир неча кун ичида «Шаньшань» Кюсю устида фаол бўлишини, дам олиш кунлари эса марказий ва шарқий минтақаларга, шу жумладан, пойтахт Токио шаҳрига яқинлашишини кутмоқда.

Ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб 5,2 миллиондан ортиқ аҳолини эвакуация қилиш юзасидан топшириқ берди.

Япония авиакомпаниялари, жумладан, ANA Holdings ва Japan Airlines аллақачон 800 га яқин рейсларни бекор қилган. Кюсюнинг кўплаб ҳудудларида поездлар ҳаракати, шунингдек, автобус ва паром қатнови тўхтатилди.

«Шаньшань» — шу ойда Японияга ёпирилган иккинчи тайфун. Август ойи бошида «Ампил» тайфуни ҳам бир қатор префектураларни электр энергиясиз қолдирганди, ўн минглаб одамлар эвакуация қилинган.