Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан автомобиль йўллари орқали бензин, дизель ёнилғиси ва нефть маҳсулотларининг айрим турларини олиб чиқиш тақиқини узайтирмоқда. Бу қарор 27 август куни бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин раислигида бўлиб ўтган йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинди.

Қозоғистон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россияга ортиқча экспортга қарши курашиш мақсадида 2019 йил ноябрь ойида автомобиллар орқали нефть маҳсулотлари экспортини чеклаганди.

Кейинчалик тақиқ бекор қилинди, аммо 2022 йил июлида олти ойга қайта киритилди. Ўшандан бери у бир неча бор узайтирилди.

Бундан ташқари, йиғилишда йил охиригача учинчи давлатлардан автомобиль транспортида олма олиб киришга вақтинчалик тақиқ жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлардан импорт бундан мустасно. Қозоғистондан ташқари ЕОИИга Арманистон, Беларусь, Қирғизистон ва Россия киради. Ўзбекистон бу иттифоқда кузатувчи мақомида.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бу йил олма ялпи ҳосили 300 минг тоннани ташкил этади. Мева етиштиришнинг бундай ҳажмига ўтган йилларда боғдорчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлангани туфайли эришилди. 2024 йилда олма боғлари тўлиқ ҳосил беради ва бу ҳосилдорликни 18 фоизга ошириш, ички бозор эҳтиёжларини қондириш имконини беради.

Аввалроқ «АПК Новости» агентлиги боғбонлар ҳукуматдан яхши ҳосил фонида августдан декабргача олма импортини тақиқлашни сўрагани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу чора ҳосилнинг асосий қисмини сотишга имкон беради.

Қозоғистон Статистика бюроси маълумотларига кўра, Ўзбекистон январдан мартгача бу давлатга 254,6 минг долларга 639,1 тонна олма экспорт қилган, апрелдан июнь охиригача эса 2,58 миллион долларга 7181,6 тонна олма экспорт қилган.