Тошкент шаҳрида Темур Малик (M39B, Халқа автомобиль йўлининг бир қисми) ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишган жойда эски йўл ўтказгич ўрнига янгисини қуриш ишлари якунланди. Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни уни кўздан кечирди, деб хабар қилди унинг матбуот хизмати.

Тошкент ҳалқа йўли пойтахтдаги энг узун ва кенг кўча саналади. Фақат Мирзо Улуғбек туманидан ўтувчи қисми «тор бўлиб, ҳозирги талабга — кунига 45−50 мингта автомашина қатновига мос келмай қолган эди». Шу боис мазкур йўл кенгайтирилди ва реконструкция қилинди, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Йўл пойтахт ва Тошкент вилоятининг бир қанча туманларини боғлайди. Сўнгги йилларда унга юк сезиларли даражада ошди.

«Шуларни инобатга олиб, бу ерда замонавий транспорт ечими қўлланди. Йўлнинг 4 километрига асфальт-бетон ётқизилди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6−8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди», — дейилади хабарда.

Бу ерда йўлни кенгайтириш мақсадида бир қанча хусусий уйлар бузилди. Бундан ташқари, унда велосипед йўллари пайдо бўлди.

Июль ойи ўрталарида Тошкент шаҳри ҳокимлиги хабарида Буюк ипак йўли кўчаси бўйлаб йўл ўтказгичнинг узунлиги 28 метр, кенглиги 55 метр бўлиши, унда чиқиш ва кириш йўлаклари бўлган тўрт қатор, шунингдек, Темур Малик бўйлаб ҳаракатланишда қайрилиш жойлари бўлиши айтилганди.

Бундан ташқари, 3 та қайрилиб олиш ва 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. «Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлиши» кутилмоқда.

Кўчанинг Буюк ипак йўли билан кесишмасида йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилди. Мамлакатда илк бор қўлланган бу усулнинг афзаллиги кўп. Хусусан, унинг қурилиш муддати бошқа кўприкларга нисбатан икки баробар кам вақт талаб қилади. Хизмат кўрсатиш муддати эса юз йилдан ортиқ. Ўтказгични таъмирлаш ишлари ҳам анча арзон тушади, дейилади хабарда.

Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ақлли светофорлар ўрнатилди. 13 та бекат қурилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Президент янги йўл ва иншоотлар Мустақиллик байрамига туҳфа эканини таъкидлаб, «халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган бундай қурилишлар» давом эттирилишини билдирди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб 12 минг 600 километр автомобиль йўллари, 200 га яқин кўприк реконструкция қилинган.