29 август куни Термиз шаҳрида Термиз халқаро савдо марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ахборот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этди.

Қайд этилишича, Термиз халқаро савдо маркази «қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида» барпо этилган.

Марказ минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди.

Рамзий тасма кесилиб, марказ расман очилганидан сўнг, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакиллари Термиз халқаро савдо маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон бош вазири Термиз шаҳрида Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар ҳамда Озарбайжон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Маълумот учун, президент 13 май куни «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Унга кўра, марказ ҳудудида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат этилади.

Бундан ташқари, марказ ҳудудида улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида истисно тариқасида ўзбек сўми билан бир қаторда АҚШ доллари, Россия рубли, евро ва юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилди. Бунда қабул қилинган нақд хорижий валюта марказда ташкил этилган тижорат банклари филиаллари орқали марказда фаолият юритадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказилиши шарт.

Ҳужжат билан чет эл фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, чегара ва божхона назоратидан ўтган ҳолда махсус йўлак орқали кириши (чиқиши) ҳамда 15 кун муддатгача марказ ҳудудида бўлиши тартиби жорий этилади.

Савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ва иншоотларни олган, шунингдек, шартнома асосида ишлаш, таълим муассасаларида ўқиш, банк филиалларида фаолият юритиш, савдо-сотиқ ва бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мақсадида келаётган мамлакатда 15 кундан ортиқ қолишни режалаштирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирган ҳолда кириши талаб қилинади