«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан махсус ахборот портали орқали ўтказилган савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси (Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар) талаблари бузилганлик аломатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.

Ўрганишлар натижасига кўра, 2 та, жами 4,8 млрд сўмга яқин энг яхши таклифни танлаш савдоларида мазкур аломатлар аниқланган.

Юқоридагиларга кўра, «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари билан «Ўзбекнефтгаз» АЖга нисбатан иш қўзғатилди.

Қўзғатилган иш ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг қўшимча ахборот берилади, дейилади хабарда.

Қонуннинг 29-моддасида савдолар бошланғич нархни пасайтириш ёки ошириш йўли билан ташкил этилиши мумкинлиги кўрсатилган. Савдоларда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан. қуйидагилар тақиқланади:

  • савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;
  • савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш;
  • савдоларга оид ҳужжатларга ва қоидаларга, шу жумладан, эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талабларни киритиш;
  • савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш;
  • савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;
  • савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) савдолар иштирокчилари томонидан рақобатга қарши келишувларни ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;
  • электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг қилиш, ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;
  • савдоларда савдо шартларини бир неча марта бажармаслик натижасида товарнинг нархларини рақобат мавжуд бўлганда шаклланган нархлардан (талаб, таклиф ёки ишлар ҳажмидан) анча ошириш;
  • буюртмачининг ёки сотувчининг савдолар натижаларига кўра шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаши.