Германия Афғонистондан келган жиноятчиларни ўз мамлакатига депортация қилишни қайтадан бошлади, деб хабар бермоқда Reuters. Германия ҳукумати 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритганидан бери инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашгани сабабли афғонистонликларни ватанига депортация қилишни тўхтатганди.

Spiegel’нинг аниқлик киритишича, 28 нафар маҳкум афғонистонлик 30 август куни эрталаб Qatar Airways чартер рейсида Лейпцигдан Кобулга учган. Уларнинг барчаси Германия қамоқхоналарида турли жиноятлар: талончиликдан тортиб баданга оғир шикаст етказиш ва зўрлашгача бўлган айбловлар билан жазо ўтаган.

«Биз бу ҳақда кўп гапирмай, [депортацияга] пухта тайёргарлик кўрдик», — деди Германия канцлери Олаф Шольц матбуот анжуманида.

Баёнотда ҳукумат «асосий минтақавий ҳамкорларга» қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди ва янги депортациялар устида ишлаётганини айтди. Расмийлар айнан ким ҳамкор эканини айтмади, дея аниқлик киритади Reuters.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб Германия Ўзбекистон билан афғонистонлик қочқинларни депортация қилишни ўз ичига олиши мумкин бўлган миграция пактини тузиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган эди. Бундай келишув Берлинга «Толибон» билан тўғридан-тўғри келишувлардан қочиш имконини беради, чунки Германия ҳукумати толиблар ҳукуматини тан олмайди.

Агентлик Ўзбекистон ҳукумати бу ғояни кўриб чиқаётганини, бироқ миграция пактига Ўзбекистондан Германияга ишчиларнинг қонуний миграциясига рухсат берувчи келишув ҳам киритилишини исташини таъкидлаганди.

Spiegel, шунингдек, Берлин афғонистонликларни депортация қилишни бошлаш учун Ўзбекистон ва Афғонистонга қўшни бошқа давлатлар билан ҳам яширин музокаралар олиб бораётганини ёзмоқда.

  • Германия канцлери Олаф Шольц июнь ойи бошида афғонистонлик қочқиннинг немис полициячига ҳужумидан сўнг иммиграция сиёсатини, жумладан, афғонистонлик ва суриялик бошпана изловчиларга нисбатан қатъийлаштиришга ваъда берган эди. Ҳодиса 31 май куни ислом динини танқид қилувчи Pax Europa ташкилоти аъзоларининг митинги чоғида содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходими пичоқдан бир неча марта бошидан жароҳат олган ва шифохонада вафот этганди.