Исроил армияси ва Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳи болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун Ғазо секторидаги учта алоҳида участкада жангларни уч кунга тўхтатишга келишиб олди, деб хабар берди Reuters Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакилига таяниб.

Эмлаш кампанияси 1 сентябрдан бошланади. Биринчи босқичда 640 минг болани қамраб олиш режалаштирилган. Гуманитар танаффус соат 6:00 дан 15:00 гача давом этади.

Жанглардаги танаффуслар Ғазо марказий ҳудудида бошланади. Шундан сўнг, эмлаш анклавнинг жануби ва шимолида давом этади. ЖССТ таъкидлашича, зарур ҳолларда томонлар ҳар бир тумандаги танаффусларни тўрт кунгача узайтиришга келишиб олган.

Вакцинациянинг иккинчи босқичи биринчисидан тўрт ҳафта ўтгач амалга оширилади.

«Полёмиелитнинг тарқалишини тўхтатиш ва халқаро миқёсда тарқалишининг олдини олиш учун кампаниянинг ҳар бир босқичида камида 90 фоиз қамровни таъминлаш керак», — деди ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майк Раян 29 август куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазодаги гуманитар вазият бўйича йиғилишида.

  • 23 август куни ЖССТ Ғазода сўнгги 25 йил ичида биринчи полиомиелит ҳолати қайд этилганини тасдиқлади. Инфекция ўн ойлик қизчада аниқланган ва июнь ойида Ғазо оқава сувларида аниқланган полиовируснинг 2-тури билан боғлиқ. Шундан сўнг БМТ вирус тарқалишининг олдини олиш учун кенг кўламли эмлаш кампаниясига тайёргарлик кўра бошлади.