Ўзбекистон Россиядан газни «техник жиҳатдан мумкин қадар максимал даражада» олмоқда. Бу ҳақда 29 август куни «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер маълум қилди.

Россия энергетика компанияси энергия истеъмоли ортиб бораётган Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. «Бу республикалар иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан жуда жадал ривожланмоқда», — деди у.

«Бу эса биз учун янги имкониятлар очмоқда. Биргина январь-август ойларида, яъни саккиз ойда бу ҳудудга газ етказиб беришни икки баробар оширдик. Масалан, ҳозир Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича биз қаноатлантираётган талаблар „Марказий Осиё — Марказ“ газ қувури орқали техник жиҳатдан мумкин қадар максимал даражада ўтмоқда. Қишдаги даражада. Ўтган қишда, Ўзбекистонда аномал кучли совуқ бўлганида, биз у ерни газ билан таъминлаган даражада», — деди Алексей Миллер.

Ўзбекистон 7 октябрдан куз-қиш мавсумида газ тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлаганди. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, сотиб олиш ҳажми кунига 9 млн куб метрни, йилига қарийб 2,8 млрд кубметрни ташкил қилиши керак.

Декабрь ойи охирида Алексей Миллер «Газпром»нинг Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми «имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятлар»дан икки баравар кўпайгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда у, шунингдек, декабрь ойида «Марказий Осиё — Марказ» газ қувури орқали «техник имконият жиҳатидан максимал ҳажм» етказиб берилаётганини айтганди.

Ўша йилнинг ноябрь ойида Алексей Миллер Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2024 йил ўрталарига қадар 15 йилга газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик соҳасидаги ўз мажбуриятларини белгилашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.

РФдан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини модернизация қилишга 500 миллион доллар сармоя киритиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Лойиҳа мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, мавсумий нотекис истеъмолни қоплаш учун қўшимча газ ҳажмлари ва ушбу ёқилғини етказиб берувчи кафолатланган манбалар диверсификациясида муҳим аҳамиятга эга, деб аталмоқда.

Январь-июль ойларида Ўзбекистонга газ импорти 983,7 миллион долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг етти ойига нисбатан қарийб 5 баравар кўп, деб хабар қилди Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги. Бу вақт ичида газ экспорти 323 миллион доллардан ошди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз камроқ.