Грузия Конституциявий суди «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга қарши даъволарни кўриб чиқишни бошлади, деб хабар бермоқда News Georgia портали.

Даъволар Грузия президенти Саломе Зурабишвили, юздан ортиқ нодавлат ташкилотлар, Грузия парламентининг 38 нафар мухолифат депутати ва журналистик суриштирувга ихтисослашган икки медиа ташкилоти томонидан берилган. Уларнинг мурожаатлари бир процессга бирлаштирилди.

Барча даъвогарларнинг фикрича, қонун Грузия Конституциясининг турли қоидаларига зид келади, фуқаролик ташкилотлари ва ОАВнинг «стигматизациясига олиб келади», уларнинг ишига аралашади ва уларнинг тугатилишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, даъвогарлар якуний қарор қабул қилинмагунча қонуннинг амал қилишини тўхтатиб туришни сўрамоқда, дея аниқлик киритади нашр.

«Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун оммавий намойишларга қарамай, май ойида Грузия парламенти томонидан қабул қилинган эди. Ҳукмрон партия иккинчи уринишда ҳужжатни тасдиқлашга муваффақ бўлган.

Ҳужжат 20 фоиздан кўпроқ маблағни хориждан оладиган нодавлат ташкилотлари ва ОАВни «хорижий давлат манфаатларига хизмат қилувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Грузия Адлия вазирлиги хориж грантлари мавжуд ННТлар ва ОАВнинг хорижий давлат манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар реестрида рўйхатдан ўтиш тартибини аллақачон бошлаб юборган. Рўйхатдан ўтиш учун ариза топшириш босқичи август ойининг охиригача давом этади, ундан ўта олмаганлар 25 минг лари (9 минг доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортилади, деб ёзади News Georgia.

  • Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшашлиги учун ҳужжатни «хорижий агентлар тўғрисидаги қонун» деб атайди. Уларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини издан чиқаришга уринишдир. Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйган, бироқ парламент кўпчилик овоз билан уни бекор қилишга муваффақ бўлганди.
  • Қонун АҚШ ва Европа Иттифоқининг ҳам салбий муносабатига сабаб бўлди. Июнь ойида АҚШ қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан ўнлаб Грузия фуқаролари, жумладан, Грузия парламенти аъзолари ва хавфсизлик ходимларига нисбатан виза чекловлари жорий қилган эди. Июль ойида маълум бўлишича, ЕИ Грузиянинг иттифоққа номзод мақомига эга бўлиш жараёнини тўхтатган.