Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази июль ойида Uzbekistanʼs Green Cities Rating — Ўзбекистон шаҳарларининг биринчи экологик барқарорлик рейтингини тақдим этган эди.

Унда мамлакатнинг 14 та маъмурий маркази еттита устувор кўрсаткичлар гуруҳи — ҳаво сифати, сув истеъмоли, ердан фойдаланиш, транспорт, энергия, чиқиндилар ва санитария бўйича 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тавсияларга риоя қилиш, аҳоли томонидан ресурслар истеъмоли ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида шаҳар бошқаруви ҳисобга олинади.

Наманган 10 та кўрсаткич бўйича энг яхши натижани қайд этди. Кейинги ўринларда Самарқанд ва Навоий. Нурафшон, Гулистон ва Тошкент энг ифлосланган шаҳарлар деб топилди.

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Ўзбекистоннинг «яшил» шаҳарлари рейтинги

«Яшил» шаҳарлар рейтинги нима учун керак?

Ўзбекистонда йирик шаҳарлар жадал иқтисодий ва демографик ўсишни бошдан кечирмоқда. Бу ҳаво ва сув сифатининг ёмонлашиши, биологик хилма-хилликнинг йўқотилиши ва иқлим ўзгаришига чидамлиликнинг пасайиши каби экологик муаммоларни келтириб чиқаради. Ушбу таҳдидларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун қай даражада жиддий эканлигини англаган ҳолда, шаҳарларнинг экологик барқарорлигини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида миллий ва маҳаллий бошқарувни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш чора-тадбирларини шаҳар даражасига ўтказиш иқлим ва экологик сиёсатнинг самарадорлигини ошириш ва маҳаллий шароитларга мослаштириш учун зарур.

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Фото: Экология вазирлиги.

Шу мақсадда Иқлим ўзгариши миллий маркази шаҳарларнинг экологик барқарорлиги рейтингини тузди — бу шаҳарларни экологик ҳолати асосида тизимлаштириш ва таққослаш йўлидаги биринчи қадамдир. Миллий марказ экологларининг фикрича, ушбу маълумотлар таҳлили асосида маҳаллий ҳокимият органлари энг яхши амалиётлар бўйича тажриба алмашиш ва шаҳарларнинг барқарор ривожланишига устувор аҳамият бериш имкониятига эга бўлади.

«Биз шаҳарларимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янада юқорироқ экологик стандартларга эришишга бир-бирини илҳомлантириб, экологик тозалик йўналишида рақобатлашишини таъминлаш истагидамиз, — деди Экология вазири Азиз Абдуҳакимов. — Экологик рейтингларнинг аҳамияти шундан иборатки, экологик кўрсаткичлар шаҳар ривожланишини баҳолашда таянч самарадорлик кўрсаткичлари ва асосий мезонга айланиши керак. Бу каби ташаббуслар орқали биз фуқароларимизнинг соғлом келажагини таъминлаш, Ўзбекистоннинг табиий бойликларини асраб-авайлаш имкониятига эга бўламиз».

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Суна Парк. Фото: Экология вазирлиги

Экология вазири маслаҳатчиси ва Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Суна Парк аҳоли ва ҳокимликлар аксарият ҳолларда шаҳардаги экологик вазият ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. Шаҳарларнинг барқарорлиги рейтинги зарур, чунки глобал масалалар ва инвестиция масалалари иқлим ва экология билан чамбарчас боғлиқ. Маҳаллий ҳокимият органлари шаҳарларни ривожлантиришда ушбу омилни ҳисобга олишлари лозим.

«Ҳозирда шаҳарлар қандай ривожланаётгани ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қандай ишлаётгани ҳақида ўйлаб кўрсангиз, аксарият шаҳар ҳокимлари инвестицияларни жалб қилиш, иш ўринлари яратиш, таълим даражасини ошириш каби ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратади. Буларнинг барчаси, албатта, муҳим, бироқ бугунги кунгача шаҳар бошқаруви сиёсатига бирорта ҳам экологик кўрсаткич киритилмаган. Шунинг учун биз ушбу йўналишни илгари суриш учун ҳозирги вазият аслида қандай эканлигини кўрсатиш ва шаҳарларнинг экологик самарадорлигини баҳолаш зарур, деган қарорга келдик», — дейди Суна Парк.

Шаҳарлар ва туманларнинг экологик паспортлари

Амалга оширилган ишларнинг яна бир натижаси 14 та вилоят марказларининг экологик паспортлари яратилгани бўлди. Ушбу паспортлар Economist Intelligence Unit тадқиқот лойиҳасининг Green Cities Index халқаро методологиясига киритилган кўрсаткичлар асосида тузилган. Бу шаҳарларга экологик барқарорликни яхшилаш бўйича ўз тажрибаларини алмашиш ҳамда минтақавий ва глобал миқёсда қиёсий таҳлиллар ўтказишда ёрдам беради.

Ўзбекистон учун биринчи босқичда 10 та кўрсаткичлар гуруҳи танлаб олинди: ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, сув истеъмоли, транспорт, энергетика, чиқиндилар ва санитария, CO2 эмиссияси, биохилма-хиллик, биноларни экологик баҳолаш ва экологик сиёсат. Ҳар бир гуруҳ бир нечта баҳолаш кўрсаткичларидан иборат. Шундай қилиб, шаҳарлар 30 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Вақт ўтиши билан кўрсаткичлар гуруҳлари сони ортиши мумкин.

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Green City кўрсаткичлари таркибий тузилиши.

«Биз бутун республика маъмурий марказларининг экологик тозалик кўрсаткичларини ўрганиш, ўзаро таққослаш ва рейтингини тузиш мақсадида уларнинг ҳар бири бўйича тегишли маълумотларни тўпладик, — дейди Суна Парк. — Фаолиятимиз давомида дуч келган асосий муаммоларимиздан бири — маълумотларнинг етишмаслиги. Айрим кўрсаткичлар гуруҳи бўйича маълумотлар етарли эмас, бошқалари учун эса умуман мавжуд эмасди. Шунга қарамай, 14 та экологик паспортни шакллантиришга муваффақ бўлдик ва эндиликда ушбу кўрсаткичлар бўйича шаҳарларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида асосий тушунчага эгамиз».

Шаҳарларни баҳолашда фойдаланилган кўрсаткичларнинг деярли ярми миқдорий кўрсаткичлар. Улар чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси ҳамда ҳаво, сув ва тупроқдаги ифлослантирувчи моддалар концентрацияси каби расмий маълумотларга асосланади. Шаҳарларнинг экологик сиёсати сифат кўрсаткичларига тааллуқли. Шаҳарлар умумий рейтинг ва ҳар бир тоифадаги алоҳида рейтинглар асосида баҳоланади.

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Рейтинг тузилиши кўрсаткичлар гуруҳидан бирининг мисолида

Суна Паркнинг сўзларига кўра, эндиликда босқичма-босқич Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани учун экологик паспорт ва мастер-планлар яратиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг экология соҳасини трансформация қилиш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган. Паспортлар ҳар йили қайта кўриб чиқилади ва янгиланади. Экологик мастер-планларда кўрсатилган тавсияларни амалга ошириш асосида самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари тузилади. Натижалар шаҳар ёки туманнинг экологик барқарорлик рейтингидаги ўрнида бевосита акс этади.

Ўзбекистоннинг энг «яшил» шаҳарлари

Рейтингга кўра, Наманган 62,29 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Шаҳар экологик тозалик нуқтаи назаридан энг «мувозанатлашган» деб топилди. Рейтингда 61,13 балл билан иккинчи ўринни аҳоли жон бошига яшил экинлар сони бўйича етакчиликни қўлга киритган Самарқанд эгаллади. Учинчи ўрин аҳоли жон бошига электр энергияси истеъмоли бўйича республикада энг паст кўрсаткични қайд этган Навоий шаҳрига насиб этди (59,50). Топ бешталикдан Қарши (57,25 балл) ва Жиззах (56,03 балл) шаҳарлари ҳам жой олди.

Тошкент (46,44), Гулистон (43,15) ва Нурафшон (39,15) сўнгги ўринларни эгаллаб, Ўзбекистоннинг энг «ифлосланган» шаҳарлари деб топилди.

азиз абдуҳакимов, иқлим ўзгариши миллий маркази, суна парк, тошкент, экология, экология вазирлиги, яшил шаҳарлар рейтинги

Веб-сайтда умумий рейтингдан ташқари ҳар бир йўналиш бўйича статистик маълумотлар мавжуд.

Рейтинг ҳар йили тасдиқланган экологик мастер-планларни амалга ошириш ва кўрсаткичларни такомиллаштириш асосида янгиланиб боради. Барча маълумотлар Иқлим ўзгариши миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган Green Cities онлайн платформасига киритилади ва тақдим этилади. Веб-сайтда исталган киши ўз шаҳри рейтингда қайси ўринда эканлигини билиб олиши, экологик паспортлар ва мастер-планлар билан танишиши мумкин. Бундан ташқари, аҳоли вакиллари ва тадқиқотчилар республика шаҳарларида экологик барқарорликни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида долзарб ва батафсил маълумот олиш имконига эга бўлади.